Logo

Сурхондарёда 205 тонна унни биржасиз сотган корхона жазоланди

Бугун 11:552 дақиқа

Рақобат қўмитаси 205 тонна ун маҳсулотини биржа савдоларини четлаб ўтиб сотган корхонага нисбатан рақобат қонунчилиги асосида иш қўзғатди.

Сурхондарёда 205 тонна унни биржасиз сотган корхона жазоланди © firewalkerovens.com

Рақобат қўмитаси юқори ликвидли ва монополь маҳсулотларни сотишда белгиланган тартибга риоя этилиши ҳамда нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик мақсадида доимий мониторинг ишларини олиб бормоқда.

Қўмитанинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишларда «DENOV OLTIN DON» МЧЖ фаолиятида қонунчилик талабларига зид ҳолатлар аниқланди.

Маълум бўлишича, корхона 2025 йил октябридан 2026 йил 31 мартига қадар Жамғарма ҳисобидан биржа савдолари орқали харид қилинган 273 тонна буғдойни қайта ишлаган.

Белгиланган меъёрларга кўра, мазкур ҳажмдаги буғдойдан ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари биржа савдолари орқали сотилиши лозим эди. Бироқ корхона томонидан ишлаб чиқарилиши керак бўлган 205 тонна ун биржага чиқарилмасдан, тўғридан-тўғри экспорт шартномаси асосида реализация қилинган.

Қонунчилик талаби бузилган

Текширув материалларига кўра, мазкур маҳсулотлар жами 634 миллион сўмдан ортиқ маблаққа сотилган. Бу эса рақобат қонунчилигида белгиланган тартибнинг бузилиши сифатида баҳоланган.

«Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ, биржа савдоларида рақобатни чекловчи ҳаракатлар ҳамда юқори ликвидли ёки монополь маҳсулотларни биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиш тақиқланади.

Шунингдек, ушбу талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 170-сон қарори билан тасдиқланган тегишли низомда ҳам мустаҳкамланган.

Таъсир чораси қўлланилди

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан «DENOV OLTIN DON» МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди.

Иш натижаларига кўра, корхонага нисбатан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди. Шу билан бирга, қонунбузилиш оқибатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий кўрсатма берилди.

Теглар

Мавзуга оид