Logo

Сурхондарёда ўта иссиқ кунларда оғир юк автомобиллари ҳаракати чекланади

Бугун 14:152 дақиқа

Термиз шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида оғир юк автомобилларининг ҳаракати ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.

Сурхондарёда ўта иссиқ кунларда оғир юк автомобиллари ҳаракати чекланади © 24kg

Сурхондарё вилоятида аномал иссиқ об-ҳаво шароити туфайли оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинчалик чеклов жорий этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати +42...+44 даражагача, айрим ҳудудларда эса бундан ҳам юқори кўрсаткичларгача кўтарилмоқда. Бу шароитда асфалт-бетон қопламасининг ҳарорати +70...+80 даражагача қизиши мумкин.

Таъкидланишича, бундай ҳароратда оғир юк автомобиллари ҳаракати асфалт қопламасида ғилдирак излари, деформатсия ва бошқа техник нуқсонларни келтириб чиқариши, натижада йўлларнинг хизмат муддатини қисқартириши мумкин.

Шу муносабат билан «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ–900)нинг 15 ва 23-моддалари ҳамда «Автомобил йўллари тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси талабларига мувофиқ, давлат бюджети ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ва таъмирланган автомобил йўлларини муҳофаза қилиш мақсадида чекловлар жорий этилган.

Унга кўра, Термиз шаҳри, туман марказлари ва уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида оғир юк автомобиллари ҳаракати ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.

«Ушбу чоралар асраш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда автомобил йўлларининг хизмат муддатини узайтиришга хизмат қилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Шу билан бирга, ҳокимлик ҳайдовчилар, юк ташувчи корхона ва ташкилотлардан белгиланган чекловларга қатъий амал қилиш ҳамда юк ташиш вақтини олдиндан режалаштиришни сўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги аномал иссиқ сабаб боғчалар маълум муддатга ёпилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид