
Сурхондарёда собиқ директор ишдан бўшатилгандан сўнг ўзини ёқиб юбормоқчи бўлди
Қумқўрғон туманидаги мактабни 15 йил бошқарган аёл ишдан бўшатилгандан кейин янги раҳбар фаолиятини бошлашига қарши чиқиб, ўзини ёқишга уринган.

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида аёл киши ўзини бензин билан ёқиб юборишга уринган видеолавҳа тарқалди. Воқеа жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Сурхондарё вилояти Мактнабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, мазкур мактабда 2010 йилдан 2025 йил 16 сентабригача З.А. номли шахс директор сифатида фаолият юритган.
Бироқ бошқарманинг шу санадаги буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ бекор қилинган.
Таъкидланишича, собиқ директор янги раҳбарнинг вазифани қабул қилиб олишига қарши чиққан. 13 октабр куни мактабда тайинлов ҳужжатларини топшириш жараёнида у фаол қаршилик кўрсатган ва ўзини ёқиб юборишга уринган. Ҳодиса вақтида ҳеч ким тан жароҳати олмагани қайд этилган.
Бошқарма қарорига мувофиқ, 39-сонли мактаб раҳбарлигига белгиланган тартибда Е.А. тайинланган. Айни пайтда таълим муассасасида ўқув жараёни барқарор равишда давом этмоқда.





