Сув ва алкоголсиз ичимликлар маркировкаси яна кечиктирилди

Бугун 12:251 дақиқа

Ўзбекистонда сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалашнинг иккинчи босқичи бир йилга 2027 йил 1 апрелга кўчирилди.

Сув ва алкоголсиз ичимликлар маркировкаси яна кечиктирилди © CRPT TURON

Вазирлар Маҳкамасининг 19 майдаги қарорига кўра, газланган ва газланмаган ичимликларни рақамли маркировкалаш механизмини босқичма-босқич жорий этиш учун техник тайёргарликни тўлиқ таъминлаш мақсад қилинган. Шу муносабат билан тайёр маҳсулотларни агрегатсиялаш тизими 2026 йил 1 апрел эмас, балки 2027 йил 1 апрелдан ишга туширилади.

Қарорга мувофиқ, Солиқ қўмитасига «Asl Belgisi» миллий рақамли маркировкалаш тизими оператори — «CRPT Turon» билан ҳамкорликда кенг тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилди.

Бу ишлар сув ва салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчилари, шунингдек улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўртасида амалга оширилади. Хусусан, оммавий ахборот воситалари орқали рақамли маркировкалаш механизмларини амалда қўллаш бўйича тушунтиришлар берилиши белгиланган.

Шунингдек, Солиқ қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларга икки ой ичида ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштириш топширилди. Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров зиммасига юклатилди.

Сув ва салқин ичимликлар учун мажбурий агрегатсия тизими аввал ҳам икки марта кечиктирилган. Дастлаб, алюмин идишлардаги маҳсулотлар учун тизим 2024 йил 1 майдан, бошқа турдаги идишлар учун эса 1 ноябрдан жорий этилиши режалаштирилган эди. Кейинчалик 2025-йил май ойида тизимни жорий этиш муддати 2026-йил апрелга кўчирилган.

Теглар

Мавзуга оид