Logo

Суюлтирилган газ нархи 15 ноябрдан ошади

Кеча 20:342 дақиқа

Аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана нархи 5 000 сўм этиб белгиланди. Камбағал оилаларга компенсация тўланади.

Суюлтирилган газ нархи 15 ноябрдан ошади © hududgaz

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, жорий йилнинг 15 ноябридан бошлаб аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана сотиш нархи қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) билан бирга ҳар бир килограмм учун амалдаги 2 минг сўмдан 5 минг сўмга оширилади. 

​Шу билан бирга, «LPG-Trade» МЧЖ томонидан аҳолига суюлтирилган газни етказиб бериш хизматининг чекланган нархи ҚҚС билан ҳар бир килограмм учун 1 300 сўм этиб белгиланади. Газни белгиланган нархларда етказиб бериш натижасида юзага келадиган иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатларни қоплаш мақсадида «LPG-Trade» компаниясига республика бюджетидан субсидия ажратиб борилади. 

​Эҳтиёжманд оилалар учун компенсация тўловлари

​Газ нархининг ошиши муносабати билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида компенсация тўловлари жорий этилади.

Ушбу кўмак 2030 йил 1 январга қадар қуйидаги тоифадаги оилаларга берилади: 

• ​Ижтимоий реестрга киритилган оилалар; 

• ​Реестрга киритилмаган, бироқ ундаги мезонларга мос келадиган ҳамда оиладаги жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилалар; 

• ​Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар. 

​Компенсация миқдори харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўмни ташкил этади. Бунда маблағ бир ойда кўпи билан 20 килограмм газ хариди учун қоплаб берилади.

Тўловлар харид тасдиқланганидан сўнг фуқароларнинг ижтимоий карталарига ўтказиб берилади. Бу жараённи амалга ошириш учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги «E-gaz Billing» ҳамда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиши белгиланган. 

​Қарорга мувофиқ, битта кадастр рақамига эга бўлган ва бир турар жойда икки ҳамда ундан ортиқ оила яшайдиган хонадонлар учун алоҳида маиший газ баллони ажратишга рухсат берилади. Бунинг учун хонадонда техник талабларга мос келувчи алоҳида газ плитаси ва ошхона бўлиши ҳамда «маҳалла еттилиги» ва газ таъминоти ходимлари жойига чиққан ҳолда тегишли даланотномани расмийлаштириши лозим. 

​Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2027 йил 1 майга қадар суюлтирилган газ бозорини ривожлантириш ва унинг нархларини эркинлаштириш бўйича ҳукуматга асосланган таклифлар киритиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси биржа савдоларида суюлтирилган газ нархлари сунъий равишда оширилишининг олдини олиш юзасидан доимий назорат ўрнатиши белгилаб қўйилди.

Теглар

Мавзуга оид