Тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилмаган спорт федерацияларида тозалаш амалга оширилади

Бугун 19:152 дақиқа

Футбол ўйинлари дам олиш куни ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгиланади, стадионлар атрофида қўшимча хизматлар ташкил этилади.

Тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилмаган спорт федерацияларида тозалаш амалга оширилади © Фото: t.me/Press_Secretary_Uz

26 та спорт федерациясидаги бош котиб ва бошқарув кадрларининг фаолияти ўрганилиб, лавозимига лойиқ бўлмаганлари алмаштирилади. Бу ҳақда Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда сўз борди.

Таъкидланишича, федерацияларда ҳамкор ва маблағ топиш, тадбиркорларни жалб қилиш бўйича ташаббус йўқ. Қолаверса, мамлакатимизда салоҳияти катта тадбиркорлар йилдан йилга ортиб бормоқда, улар орасида спортга қизиқадиган, ҳомийлик қилишга тайёр турганлари анча. Лекин бирорта федерация тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича таклиф киритмаган.

Мутасаддиларга 26 та федерациядаги бош котиб ва бошқарув кадрларининг фаолиятини ўрганиб, лавозимига лойиқ бўлмаганларини алмаштириш топширилди.

Қайд этилишича, яқинда имзоланган Президент қарори билан спортга ҳомийлик қиламан деган тадбиркорлар учун манфаатли шароитлар яратилди. Энди федерация бир йиллик харажатининг 20 фоизи миқдорида ҳомийлик қилган тадбиркор бошқарув аъзолари таркибига киради. Профессионал футбол клубининг йиллик 20 фоиз харажатини қоплаган тадбиркор клубни ишончли бошқарувга олиши мумкин бўлади.

«Умуман, Ўзбекистонда спорт инсон саломатлиги ва юқори натижалар гарови бўлиш билан бирга даромад келтирадиган соҳага ҳам айланиши зарур», – деди давлат раҳбари.

Футбол ўйинлари дам олиш куни ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгиланади

Мисол учун, футбол бўйича миллий чемпионат ўйинлари баъзида иш вақтида ўтказилаётгани, шу боис, мухлислар ташрифи кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Агар ўйин вақти дам олиш куни ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгиланса, стадионлар атрофида аҳолига қизиқарли қўшимча хизматлар, мусиқий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинса, ўйин кунлари мухлислар учун қулай транспорт қатнови йўлга қўйилса, рақиб жамоа мухлисларига арзон футбол турпакетлари таклиф қилинса, клублар учун 2-3 карра кўп тушум, мухлислар учун мазмунли ҳордиқ, тадбиркорларга қўшимча даромад бўлади.

Мутасаддиларга мана шу ишлар орқали стадионларга мухлислар ташрифини кескин ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Теглар

Мавзуга оид

undefined | Vaqt.uz