add

Тадбиркорларга берилган субсидиялар электрон платформа орқали мониторинг қилинади

Янги низом субсидиялар самарадорлигини баҳолаш, мақсадсиз сарфланган маблағларни қайтариш ва қўллаб-қувватлаш чораларини шаффоф назорат қилишни кўзда тутади.

Тадбиркорларга берилган субсидиялар электрон платформа орқали мониторинг қилинади

Ҳукуматнинг 11 декабрда қабул қилинган 784-сон қарори билан тадбиркорлик субъектларига бериладиган субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини тизимли мониторинг қилиш тартиби белгилаб берилди. Қарор билан ушбу жараёнларни баҳолаш ва асоссиз ёки мақсадсиз сарфланган маблағларни қайтариб олиш механизмларини ўзида мужассам этган махсус низом тасдиқланди.

Низомга кўра, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этувчи ташкилот ҳар бир тадбиркор учун олдиндан аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилайди. Ушбу кўрсаткичлар тадбиркор субсидиядан қандай фойдаланиши ва қандай натижага эришиши кераклигини аниқ кўрсатади. Мониторинг жараёни тўлиқ «subsidiya.mf.uz» электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Самарадорликни баҳолашда манбалардан қуйидаги кетма-кетликда фойдаланилади:

Тадбиркорнинг молиявий, солиқ ҳисоботлари;

Соҳавий идоралар ёки статистика идоралари маълумотлари;

Қўллаб-қувватлаш чоралари натижалари юзасидан тадбиркор томонидан тақдим этилган маълумотлар.

Тадбиркорга берилган субсидиялар қуйидаги ҳолларда қайтарилади:

Субсидия шартномаси (битим) бўйича тадбиркор томонидан эришиш лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар бажарилмаганда;

Маблағлардан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилгани аниқланганда;

Тадбиркор томонидан тегишли ҳужжатлар ёки маълумотларни нотўғри ёхуд бузиб кўрсатиш ва асоссиз олингани ҳолатлари аниқланганда.

Янги тартиб тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмларини шаффофлаштириш ҳамда бюджет маблағларининг манзилли сарфланишини таъминлашга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид