
Тадбиркорларга чекларни таҳрирлаш имконияти берилади
Солиқ қўмитаси тадбиркорларга 20 ноябрдан 10 декабргача онлайн-НКТ ва электрон чеклардаги хатоларни тўғрилашга рухсат бермоқда.

Ўзбекистонда солиқ тўловчилар мурожаатларини инобатга олган ҳолда, тадбиркорларга онлайн назорат-касса техникаси (НКТ) ва электрон чекларда қилинган хатоларни тузатишга рухсат берилди.
Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил давомида шакллантирилган чеклар 20 ноябрдан 10 декабргача махсус тартиб асосида таҳрирланиши мумкин бўлади. «Солиқчи-кўмакчи» тамойили доирасида жорий этилаётган ушбу амалиёт тадбиркорларни ортиқча солиқ юкидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Ҳозирда зарур техник инфратузилма яратилмоқда, бизнес субъектларига эса мазкур жараёнга тайёргарлик кўриш тавсия қилинди. Тўлиқ йўриқнома қўмита томонидан кейинроқ эълон қилинади.
Маълумот учун, бу жараён янги эмас, 2024 йилда ҳам тадбиркорларга 2023 йил учун шаклланган чеклардаги хатоларни тўғрилаш имкони берилган. Чеклардаги хатолар тадбиркор учун жиддий солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин. Солиқ қўмитасининг собиқ матбуот котиби Дилдора Ҳошимова 2024-йилда берган изоҳида айтиб ўтганидек, чекда сумманинг хато киритилиши товар айланма ҳажмини асоссиз ошиб кетишига олиб келади. Бу эса айланмаси 1 млрд сўмдан ошган тадбиркорнинг мажбурий равишда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчисига айланишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, сумманинг нотўғри кўрсатилиши фойда солиғи ҳисобининг ҳам ортиб кетишига олиб келади. Айланмадан келиб чиқиб тўланадиган 15 фоизлик фойда солиғи ёки 4 фоизлик махсус солиқ ставкалари тадбиркор учун сезиларли юкни ошириши мумкин. Шу боис, чеклар тўғри киритилиши, хатолар аниқланган тақдирда эса уларни бартараф этиш имконияти жуда муҳим ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси 2025 йилнинг 1 декабрдан бошлаб «Солиқ» иловасининг эски версияси ишламаслигини маълум қилган эди.





