add

Тадбиркорларга солиқ муносабатларида қатор енгилликлар берилади

Солиқ ҳисоботи топширишда бироз кечикишларга нисбатан жазо бекор қилиниб, бизнес учун ҳуқуқий кафолатлар кенгайтирилди.

Тадбиркорларга солиқ муносабатларида қатор енгилликлар берилади

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги ҳуқуқий ўзгаришлар амалга оширилди. 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–1108-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, солиқ муносабатларида бизнес учун бир қатор енгилликлар белгиланди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, агар солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан сўнгги уч ой ичида солиқ ҳисоботлари ўз вақтида тақдим этилган бўлса ва навбатдаги ҳисобот даври учун ҳисобот топшириш муддати беш иш кунидан ошмаган ҳолда кечиктирилса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилиши мумкин эмас. Агар бундай иш бошланган бўлса, у тугатилиши шарт.

Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, ҳуқуқий таъсир чоралари қаторига қўшимча механизм жорий этилди. Энди қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида махсус рўйхатга олиш ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилишини 30 кундан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш ҳуқуқий таъсир чораси сифатида қўлланиши мумкин.

Яна бир муҳим янгиликка кўра, солиқ қарзи мавжуд бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органларига қарзни ўз дебиторлари ҳисобидан ундиришни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу бизнес учун ликвидликни сақлаб қолиш ва молиявий босимни камайтириш имконини беради.

Бундай мурожаатга ўзаро тасдиқланган ёки бир томонлама имзоланган ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси илова қилиниши лозим. Солиқ тўловчининг дебитори эса билдириш хати олинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида далолатномани имзолаши ёки қарз мавжуд эмаслигини асослаб рад жавобини тақдим этиши шарт.

Қонун билан фойда солиғи бўйича имтиёзлар ҳам аниқ тартибга солинди. Белгиланишича, бундай имтиёзлар Президент қарорлари асосида, фақат амортизация қилинадиган асосий воситаларни тезлаштирилган амортизация қилиш ҳуқуқини бериш орқали ва уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тақдим этилади.

Теглар

Мавзуга оид