
Тадбиркорларга юкланган асоссиз қарзлар қайта кўриб чиқилмоқда
Энергия таъминотчилари ҳисоб-китобларидаги хатолар айрим тадбиркорларга миллиардлаб сўм қарз юкланишига сабаб бўлгани аниқланди.

Бизнес омбудсман тадбиркорларга ҳисобланган қарздорликларни тизимли ўрганмоқда.
Маълумотларга кўра, энергия таъминоти корхоналари томонидан амалга ошириладиган ҳисоб-китобларда, айниқса, ҳисоблагичлар ва трансформаторлар билан боғлиқ вазиятларда жиддий хатоликлар учраб, тадбиркорлик субъектларига асоссиз равишда юқори миқдорда қарздорлик юкланмоқда.
Шундай ҳолатлар тадбиркорларнинг фаолияти ва молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши айтилган. Урганч шаҳридаги «Саёҳат» МЧЖга дастлаб 3,8 млрд сўм миқдорида ҳисобга олинмаган электр энергияси учун қарз ҳисобланиши ҳам ана шундай мисоллардан биридир. Бизнес-омбудсман тадбиркорнинг мурожаати ортидан ўтказган қўшимча ўрганиш жараёнида ҳақиқий истеъмол кўрсаткичларининг бутунлай бошқача эканини аниқланган. Текширув натижасида электр энергияси истеъмоли 18 640 kWh эканлиги аниқланган, бу эса молиявий жиҳатдан 18 млн сўмга тўғри келади. Шу тариқа, тадбиркорга юкланган 3,8 млрд сўмлик асоссиз қарз 18,6 млн сўмгача туширилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Бизнес-омбудсманга мурожаатлар ортиб бораётгани ҳисоб-китоб тизимидаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатади. Девон бу каби ҳолатларни бартараф этиш ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифа сифатида белгилаган.
Тадбиркорлар энергия ҳисоб-китобларида шубҳали ҳолатларга дуч келган тақдирда Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилишлари мумкин.





