
Талабаларга уйини ижарага берган фуқаролар 9 ойда 44 млрд сўмлик солиқ имтиёзи олди
2025 йилнинг январ–сентябр ойлари давомида солиқ органларида 584 мингдан ортиқ ижара шартномаси расмий рўйхатга олинган. Ушбу шартномалар бўйича жами 828,7 миллиард сўм миқдорида солиқ ҳисобланган.

Ўзбекистонда 2025 йилнинг 9 ойида талабаларга уйини ижарага берган фуқаролар 44 миллиард сўм солиқ имтиёзидан фойдаланган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойлари давомида мамлакат бўйича 584 мингдан зиёд ижара шартномалари ҳисобга олинган. Ушбу шартномалар бўйича жами 828,7 миллиард сўм миқдорида солиқ ҳисобланган.
Жисмоний шахслар ўртасида тузилган 412 мингта ижара шартномаси асосида 625 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан шартномалар сони 9 фоизга, солиқ миқдори эса 44 фоизга ўсганини кўрсатади.
Юридик шахслар ўртасида тузилган 172,6 мингта шартнома бўйича 203,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан шартномалар сонида 13,8 фоиз ва солиқ миқдорида 21,9 фоиз ўсишни англатади.
Шу билан бирга, уйини талабаларга ижарага берган фуқароларга махсус солиқ енгилликлари берилаётгани қайд этилган. Январь–сентябрь ойлари давомида талабалар билан тузилган 96,3 мингта ижара шартномаси асосида жами 44 миллиард сўмлик даромад солиғи имтиёзи қўлланилган.
Расмий маълумотларга кўра, бу ижара шартномалари орқали 118 998 нафар талаба турар жой билан таъминланган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу чоралар ижара бозорида шаффофликни ошириш ва норасмий битимларни қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгармаслиги ҳақида хабар берган эдик.





