
2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгармайди
Шавкат Мирзиёев иштирок этган йиғилишда жорий йилда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва келгуси йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокама қилинди.

27 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда жорий йилда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мутасаддилар келгуси йилда ўсиш суръатини 6,6 фоиз даражасида таъминлаб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 150 миллиард доллардан ошириш, иқтисодиётга барча манбалардан камида 400 триллион сўм йўналтириш, инфляцияни 7 фоиздан ортиқ бўлмаган даражада сақлаб қолиш прогноз қилингани юзасидан ахборот берди.
Мазкур йиғилишда, 2026 йилги бюджет лойиҳасида асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолаётган шароитда бюджет даромадларини изчиллик билан ошириб бориш, шу билан бирга, харажатлар қисмининг самарали сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш шартлиги қайд этилди.
Шунингдек, бундан буён мавжуд лойиҳаларни охирига етказибгина янги лойиҳаларга ресурс жалб қилиш тизимига ўтиш зарурлиги таъкидланди.
Шу жумладан, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларида тўпланган қолдиқнинг ярмини алоҳида жамғармага ўтказиш ва ушбу маблағларни мактаблар қурилишига ва тиббиётга йўналтириш топширилди.





