
Танловлар шаффоф эмас: Аксилкоррупция агентлиги жамоатчилик кенгаши пулли паркинглар ҳақида
Пулли автотураргоҳлар бўйича танловлар ёпиқ ўтмоқда, тарифлар ҳисоб-китобсиз белгиланмоқда. Аксилкоррупция агентлиги Жамоатчилик кенгаши бу бўйича расмий баёнот берди.

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида пулли автотураргоҳлар, унга нарх белгилаш масаласи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва жамоатчилик вакиллари орасида кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда.
«Автотураргоҳлар ташкил этиш бўйича танловларнинг ёпиқ шаклда ташкил этилгани, нархларни белгилашдаги аниқ ҳисоб-китоб ёки мезонларнинг мавжуд эмаслиги аҳоли ўртасида турли саволларни келтириб чиқармоқда», дейилади баёнотда.
Кўпчиликнинг эътирозига сабаб — нарх белгилашда аниқ ҳисоб-китобнинг йўқлиги ва жараёнларнинг шаффоф эмаслиги. Мутасадди ташкилотлар томонидан танловларнинг очиқ ўтказилмагани ҳам алоҳида эътиборга тушган. Бу ҳолат жамоатчиликнинг ишончига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жамоатчилик кенгашлари давлат идоралари ва фуқаролар ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Улар орқали аҳоли муҳим масалалар юзасидан ўз муносабатини билдириши ва жамоатчилик назорати механизмларидан фойдаланиши мумкин.
Шу муносабат билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши ушбу масалада расмий баёнот берди. Унда Кенгаш аъзолари Тошкентдаги пулли автотураргоҳлар фаолиятини чуқур ўрганиш, барча жараёнларнинг очиқлигини таъминлаш ва нарх белгилаш бўйича аниқ, асосланган мезонлар ишлаб чиқишни таклиф қилган.
Жамоатчилик кенгаши Агентликка мурожаат йўллаб, ўз аъзолари иштирокида мазкур масала юзасидан таҳлиллар ўтказиш ва таклифлар тайёрлашни сўраган. Бу орқали коррупциявий хавфларни олдини олиш ҳамда фуқароларда ишонч уйғотиш мақсад қилинган.
Аввалроқ ХДП пойтахтда «пулли парковка» нархларини қайта кўриб чиқишга чақиргани ҳақида хабар берган эдик. Унга кўра, Тошкент шаҳридаги пулли автомобил тўхташ жойлари нархлари аҳоли даромадларига мос эмас.





