«Тарихий адолат тикланмоқда». Президент ноҳақ қатағон қилинганлар номини оқлаш ишлари давом эттирилишини айтди
Шавкат Мирзиёев 1983-1990-йилларда «пахта иши», «ўзбек иши» деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учраган ватандошлар номини оқлаш ва тарихий адолатни тиклаш борасидаги эзгу ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилди.
© president.uz28-август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ҳамда зиёлилар иштирок этди.
Маросимда Ватан озодлиги ва истиқлоли йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Президент мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида қаҳрамон аждодларни йод этиш муқаддас бурч эканини таъкидлади.
«Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаёт ва миллий истиқлол қадрини янада теран англашга хизмат қилади.
Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
«Барча ислоҳотларимиз марказида турган «Инсон қадри учун!» деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади», – деди Президент.
2021–2025-йилларда Олий суд томонидан қатағон қурбони бўлган 1 200 дан зиёд юртдош оқланди. Жорий йилда эса собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошнинг номи оқланди.
Мулоқотда асрнинг 80 йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз «пахта иши», «ўзбек иши» деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди.
1983-1990-йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Президент дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган асраш, жипслик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
«Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди», – деди давлат раҳбари.
Мулоқотда ёшларни билимли, маърифатли ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентнинг таъкидлашича, бу борада миллий ғурур муҳим маънавий таянч ҳисобланади.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
«Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент таълим, маърифат ва тарихий меросга эътибор Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим асосларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.





