«Ташаббусли бюджет» овозлари учун пул берилмайди - вазирлик

Бугун 09:001 дақиқа

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига овоз учун пул ваъда қилингани, аммо маблағлар берилмагани бўйича фуқаролардан юзлаб мурожаатлар келиб тушган.

«Ташаббусли бюджет» овозлари учун пул берилмайди - вазирлик

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда норасмий Telegram ботлари орқали «Ташаббусли бюджет» жараёнларида овоз бериш эвазига пул мукофотлари таклиф этиш ҳолатлари кенг тарқалди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фуқароларни бундай хабарларга ишонмасликка чақирди.

Вазирликка кўра, ваъда қилинган маблағлар берилмаётгани бўйича фуқаролар томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юзлаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ушбу ҳолатда учинчи шахслар лойиҳаларга овоз тўплаш мақсадида пул маблағлари ёки моддий қийматиликлар ваъда қилган ҳолда фуқаролардан овоз тўплаб, кейинчалик мукофотларни бермаслиги ҳолатлари кузатилмоқда.

«Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, «Ташаббусли бюджет» жараёнларида овоз бериш фақатгина «Очиқ бюджет» ахборот портали, порталнинг Android ва iOS тизимларида ишловчи мобил иловалари ҳамда Телеграмдаги расмий бот орқали амалга оширилади. Бунда, амалдаги тартибга кўра, берилган овозлар учун ҳеч қандай тўлов талаб этилмаслиги билан бир қаторда ҳеч қандай моддий рағбатлантиришлар ҳам назарда тутилмаган», - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, овоз бериш жараёни 20-март куни соат 23:59 га қадар давом этади.

Вазирлик шахсий маълумотларни ҳеч кимга тақдим этмасликка ва фирибгарлар тузоғига тушиб қолмасликка чақирди.

Теглар

Мавзуга оид