Тахиатош ва Шофиркон туманларига янги ҳокимлар тайинланди
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ва Бухоро вилоят Шофиркон тумани раҳбарлик лавозимларига янги номзодлар тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида маҳаллий бошқарув тизимида кадрлар алмашинуви амалга оширилиб, Тахиатош ва Шофиркон туманларига янги ҳокимлар тайинланди.
Тахиатош тумани
Исламбек Сдиков Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош тумани ҳокими этиб тайинланди. Ушбу тайинловга қадар у Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.
Кадрлар алмашинуви доирасида Тахиатош тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Камилжан Айтбаев эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар, шу билан бирга қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тайинланди.
Шофиркон тумани
Бухоро вилоятида Халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди ва вилоят ҳокимининг тегишли қарори ўқиб эшиттирилди.
Сессия қарорига мувофиқ, Амонов Мўмин Олимович Шофиркон тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
У 1988-йилда Шофиркон туманида туғилган бўлиб, Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини тамомлаган.
Тайинловга қадар Мўмин Амонов Бухоро шаҳри ҳокимининг қурилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари — ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.





