Logo

Телефон рақамга СМС орқали рухсатсиз реклама юбориш тақиқланди

Бугун 20:412 дақиқа

1 ноябрдан Ўзбекистонда рухсатсиз SMS-реклама ва тунги вақтдаги реклама қўнғироқлари тақиқланади. Шунингдек, мулкка тақиқ қўйиш, SIM-карта ва банк карталарини бошқариш бўйича янги электрон хизматлар жорий этилади.

Телефон рақамга СМС орқали рухсатсиз реклама юбориш тақиқланди

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб мобил алоқа воситалари орқали SMS-хабарномалар йўли билан товар ва хизматларни реклама қилиш фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилиги билан амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 15 июл куни имзоланган қарорда белгиланган.

Ҳужжатга кўра, соат 18:00 дан 09:00 гача телекоммуникация тармоқлари орқали реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини тарқатиш мутлақо тақиқланади. Шунингдек, мобил алоқа операторларига абонент сўровига асосан реклама хабарларини тўлиқ ёки қисман блоклаш мажбурияти юклатилади. Белгиланган ушбу талабларга риоя этмаслик реклама ва шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш деб баҳоланади ҳамда тегишли чоралар кўриш учун асос бўлади.

Ягона порталдаги янги электрон хизматлар

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) қўшимча хизматлар жорий этилади.

Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар кўчмас мулк ҳамда автомототранспорт воситаларини гаровга қўйиш, уларни бегоналаштиришни тақиқлаш ёки тақиқни бекор қилиш бўйича онлайн ариза юборишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, фуқаролар ўз номига расмийлаштирилган телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисида маълумот олиш ҳамда уларни бошқариш имконига эга бўлади. Бунга қуйидагилар киради:

• Телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш ёки хизмат кўрсатишни тўхтатиш.
• Уланган пулли хизматларни текшириш.
• Банк картасини блоклаш (ёпиш) бўйича эмитент банкка ариза юбориш.

Шунингдек, фуқаро номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда бу ҳақда Ягона портал орқали автоматик тарзда хабарнома юборилиши ва уларнинг ҳисоби юритилиши белгиланган.

Теглар