«Telegram» Россияда жаримага тортилди
Суд «Telegram» мессенжерига Россияда тақиқланган контентни ўчирмагани учун 35 млн рубл жарима белгилади.

Москвадаги Таганка райони суди «Telegram» мессенжерини Россияда тақиқланган контентни ўчирмагани учун айбли деб топди. Бу ҳақда бугун, 16-март куни «Интерфакс» хабар берди.
«Telegram Messenger Inc.»га умумий 35 млн рубл миқдорида маъмурий жазо тайинлансин», – дейилади суд қарорида.
Мессенжер беш протокол бўйича айбли деб топилди, бу Россиянинг Маъмурий жавобгарлик кодексининг 13.41-моддаси, 4-қисмига мувофиқ, экстремистлик фаолиятига чақирувларни ўз ичига олган маълумот ёки интернет-саҳифаларни, вояга етмаган шахслар билан боғлиқ порнографик тасвирлар ва/ёки уларни порнографик характердаги кўргазмали тадбирларда иштирокчи сифатида жалб қилиш ҳақидаги эълонларни ўчирмаслик.
2026-йил 10-февралда Роскомнадзор матбуот хизмати «Telegram» Россиядаги фаолияти ўтган йил августдан чекланганига қарамай, мамлакат қонунчилиги талабларига ҳали ҳам риоя қилмаётганини билдирган эди. Шу сабабли мессенжер фаолияти чекланиши давом эттирилади.
Сўнгги йилларда энг йирик интернет хизматлари – «Google», «Apple», «Telegram», «Facebook», «Twitter», «TikTok», «Wikimedia» – Россияда тақиқланган контентни ўчирмагани учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилиши кузатилган.
Тўлиқ блокировка хавфи
Яқин истиқболда «Telegram»нинг Россиядаги тақдири ноаниқлигича қолмоқда. «РБК» ва «The Bell» нашрларининг Кремлга яқин манбаларга таяниб хабар беришича, 2026-йил 1-апрелдан бошлаб мессенжер Россия ҳудудида тўлиқ блокланиши мумкин.
Маълумотларга кўра, фақат Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар зонасида алоқа ва мувофиқлаштириш учун истисно қилиниши кутилмоқда. Ушбу кескин чоралар фонида фойдаланувчиларнинг маҳаллий «Max» мессенжерига ўтиш суръати янада тезлашиши прогноз қилинмоқда.
«Telegram» маъмурияти ҳукуматни фойдаланувчиларни «МАХ» номли давлат назоратидаги иловага ўтишга мажбурлаш учун платформа фаолиятини сунъий чеклашга уринишда айблади.



