Telegram Россиядаги блоклашга чап берувчи функцияни ишга туширди

Бугун 17:522 дақиқа

Россияда блокланган «Telegram» кутилмаганда яна ишлай бошлади. Мессенжер чекловларни четлаб ўтиш учун янги махфий ва ноодатий усулни қўллаган.

Telegram Россиядаги блоклашга чап берувчи функцияни ишга туширди

«Telegram» мессенжери Россияда «Роскомнадзор» томонидан ўрнатилган блокларни муваффақиятли айланиб ўтишни бошлади. 17-апрелга ўтар кечаси дастур баъзи россиялик фойдаланувчилар учун ҳеч қандай қўшимча воситаларсиз қайта ишлай бошлаган.

«Код Дурова» лойиҳасининг қайд этишича, уларда барча функциялар ҳеч қандай прокси ёки VPN’сиз муаммосиз очилмоқда. Бироқ «iPhone» ва компьютер фойдаланувчилари учун бу имконият ҳали ишга туширилмаган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирча бу антиқа функция фақатгина пуллик, яъни «Premium» обунага эга бўлган фойдаланувчиларда синовдан ўтказилмоқда.

Боз устига, айни босқичда бу янгилик фақатгина «Android» операцион тизимида ва дастурнинг сўнгги версиясидан фойдаланаётганларда тўғри ишламоқда.

Уларнинг қурилмаларидаги созламаларда фаол сессияларнинг геолокацияси тўсатдан АҚШга ўзгариб қолаётгани кузатилган.

Блокланиш тарихи ва чекловлар

Эслатиб ўтамиз, март ойида мессенжернинг Россиядаги барқарор ишлаши деярли нолга тушиб қолган ва тизим VPN’сиз ишламай қолган эди. Жумладан, 15-16-март кунлари тармоқда ўн минглаб узилишлар қайд этилган. Бундан ташқари, ўтган йили тармоқ орқали қўнғироқлар блокланган бўлса, 2026-йил бошидан медиафайлларни юклашда ҳам жиддий муаммолар юзага келганди.

Ушбу чекловлар фонида россияликлар оммавий равишда Осиё мессенжерларига ўта бошлади. Натижада Туркиянинг «BiP» дастури аудиторияси бир ой ичида 105 фоизга ўсиб, 1,68 млн фойдаланувчига етди.

Жанубий Кореянинг «KakaoTalk» иловаси 82 фоизга ўсиб, 436,4 минг кишини жалб қилган бўлса, Хитойнинг асосий тармоғи саналмиш «WeChat» мессенжеридаги россияликлар сони 1,15 млн кишидан ошди.

Дарвоқе, «Telegram» сўнгги бир ҳафта ичида 600 мингдан ортиқ канал ва гуруҳларни блоклагани маълум қилинмоқда. 2026-йил бошидан буён блокланган каналлар ва гуруҳлар сони 12,7 млндан ошган.

Теглар

Мавзуга оид