Тергов органларига абонент маълумотларини судсиз олиш ҳуқуқи берилмоқда

Жиноят ишлари доирасида кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда телефон боғланишлари ҳақида маълумот суд қарори талаб этилмасдан олиниши мумкин.

Тергов органларига абонент маълумотларини судсиз олиш ҳуқуқи берилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар юзасидан ахборот олиш терговчининг ёки суриштирувчининг қарори асосида суднинг розилигисиз амалга оширилиши мумкинлигини белгиловчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Янги тартибга кўра, терговчи ёки суриштирувчи айрим ҳолларда абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар юзасидан маълумотни суд розилигисиз сўраб олиши мумкин. Бу жиноят иши юзасидан тезкор ҳаракатлар талаб этилганда қўлланилади. Шу билан бирга, жабрланувчи, гувоҳ ёки уларнинг қариндошлари аризаси ёки ёзма розилиги асосида ҳам абонент маълумотларини олиш учун қарор чиқарилиши мумкин. Қарорда жиноят иши рақами, ахборот олиш зарурати, текшириладиган маълумот мазмуни, шахс ва телефон рақами, давр ҳамда ижро учун юбориладиган махсус давлат органи кўрсатилади. Илтимосномага асословчи материаллар ҳам қўшиб берилади. Терговчининг қарори ва ҳужжатлар прокурорга юборилади. Прокурор илтимосномани асосли деб топса, судга тақдим этади. Шу орқали қонунчиликда телефон боғланишлари бўйича маълумот олиш жараёни янада тизимли ва назорат остида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид