add

Термизда бир қоп наша олиб кетаётган «Cobalt» ҳайдовчиси ушланди

Кеча 10:551812 дақиқа

Олинган маълумотларга кўра, ушбу гиёҳвандлик моддалари афғонистонлик наркокурйерлар томонидан айланма йўллар орқали мамлакатимизга олиб кирилган.

Термизда бир қоп наша олиб кетаётган «Cobalt» ҳайдовчиси ушланди

Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар бермоқда ДХХ ахборот хизмати.

Маълумотларга кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, 1985 йил Термиз шаҳрида туғилган шахс ўзининг бошқарувидаги «Cobalt» русумли автотранспорт воситасида 50 кг 978 г «гашиш» моддасини олиб кетаётган вақтида ушланган

Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 186 г «гашиш» моддаси олинган. Тадбир давомида унинг 1986 йилда туғилган шерободлик жиноий шериги ҳам ушланган.

Аниқланишича, улар афғонистонлик наркокурйерлар томонидан айланма йўллар орқали мамлакатимизга ўтказилган ушбу гиёҳвандлик воситаларини келгусида сотишни мақсад қилишган.

Таъкидлаш лозимки, қонунбузарларнинг бири муқаддам айнан гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун, иккинчиси эса фирибгарлик жинояти учун судланган.

Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Учтепа туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро томонидан «Telegram» мессенжери орқали пойтахт ҳудудида синтетик гиёҳвандлик воситалари сотиш ҳолати аниқланган.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у 225 г «Алъфа ПВП» синтетик наркотик моддаси билан қўлга олинган.

Сўнгра унинг 2005 йилда туғилган таниши ҳам 2 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси билан ушланган.

Дастлабки сўровда, у дори воситасини Мирзо Улуғбек туманидаги дорихоналарнинг биридан сотиб олганлиги аниқланган.

Тезкор тадбир давомида ушбу дорихонанинг норасмий сотувчиси 14 дона «Регапен» дори воситасини мижозга 1 млн 200 минг сўмга сотган вақтида ушланган.

Шунингдек, дорихонанинг ёрдамчи омборхонасидан 20200 дона «Габатен», 823 дона «Регапен», 100 дона «Галара», 4 дона «Торгабалин» каби таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар сақловчи, тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ҳам ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид