«Tesla» янги кичикроқ ва арзонроқ электромобил ишлаб чиқармоқда

Кеча 22:103 дақиқа

Бу автомобил «Tesla»нинг ҳозирги «Model 3» ёки «Model Y» автомобилларининг шунчаки бир варианти эмас, балки мутлақо янги модел бўлади.

«Tesla» янги кичикроқ ва арзонроқ электромобил ишлаб чиқармоқда

«Tesla» компанияси мутлақо янги, кичикроқ ва арзонроқ электр кроссовер («SUV») ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақда мазкур масаладан хабардор бўлган тўртта манба «Reuters» агентлигига маълум қилган.

Автоишлаб чиқарувчи сўнгги ҳафталарда етказиб берувчилар билан боғланиб, янги компакт «SUV» режаларини муҳокама қилган. Манбаларнинг таъкидлашича, бу автомобил «Tesla»нинг ҳозирги «Model 3» ёки «Model Y» автомобилларининг шунчаки бир варианти эмас, балки мутлақо янги модел бўлади. Суҳбатлар давомида ишлаб чиқариш жараёни ва турли бутловчи деталларнинг техник хусусиятлари кўриб чиқилган.

Манбалардан учтаси янги компакт «SUV» Хитойда ишлаб чиқарилишини, яна бири эса «Tesla» ишлаб чиқаришни АҚШ ва Европага ҳам кенгайтиришни мақсад қилганини билдирган. Иккита манбанинг сўзларига кўра, автомобилнинг узунлиги 4,28 метрни ташкил этади. Бу «Tesla»нинг энг кўп сотиладиган «Model Y» кроссоверидан (узунлиги тахминан 4,78 метр) сезиларли даражада калтароқ демакдир.

Бу ҳаракатлар бош ижрочи директор Илон Маскнинг 2024 йилда интиқлик билан кутилган арзон электромобил лойиҳасини тўхтатиб, компания эътиборини «Robotaxi» ва гуманоид роботларга қаратганидан сўнг юз бермоқда. Энди асосий савол шундаки, кичикроқ «SUV» ишлаб чиқариш ҳаракати стратегиянинг яна оммавий бозор учун мўлжалланган оддий электромобилларга қайтганини англатадими ёки янги модел «Tesla»нинг тўлиқ автоном транспорт воситалари ҳақидаги қарашларига мос келадими?

Мақсадлар

Янги лойиҳадан хабардор манба ва компаниянинг маҳсулот фалсафасини биладиган «Tesla» ходимининг сўзларига кўра, бундай модел ҳар икки мақсадга ҳам хизмат қилиши мумкин. Ходим аниқ бир автомобил ҳақидаги тафсилотларни тасдиқламаган бўлса-да, умумий ҳолатда автоишлаб чиқарувчи эндиликда ҳам ҳайдовчисиз бошқариладиган, ҳам одам бошқара оладиган имкониятга эга моделларни яратишни мақсад қилаётганини айтган.

Манбанинг таъкидлашича, «Tesla» ўз моделларининг тўлиқ автоном бўлишига интилаётган бўлса-да, кўплаб жаҳон бозорларида ҳайдовчисиз транспорт воситаларининг кенг тарқалиши ва қонуний қабул қилиниши учун ҳали йиллар керак бўлишини тушуниб етган. Муайян моделни бошқарув воситалари билан ёки уларсиз ишлаб чиқариш имконияти сотувларни кўпайтириши ва заводларнинг тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаши мумкин.

Даромад масаласи

«Tesla» ҳайдовчисиз келажакка интилаётган бир пайтда, айрим таҳлилчилар компания даромадининг асосий қисмини таъминлайдиган анъанавий электромобиллар сотуви кетма-кет учинчи йил камайишини башорат қилмоқда. Ҳозиргача «Tesla» фақат Техас штатининг Остин шаҳрида кам сонли «Robotaxi»ларни синаб кўрмоқда.

«Tesla» янги автомобил режалари бўйича изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармади. Лойиҳадан хабардор тўрт киши ишлар ҳали дастлабки босқичда эканини айтган. «Reuters» компания автомобилни ишлаб чиқаришга расман рухсат берган ёки бермаганини аниқлай олмади.

Автоишлаб чиқарувчи тарихида ишлаб чиқилиши бошланган, аммо кейинчалик бекор қилинган ёки кечиктирилган маҳсулотлар кўп учрайди. Масалан, «Tesla» 2017 йилда «Roadster» суперкари ва «Semi» юк машинасининг концептларини кўрсатган эди, бироқ спорт автомобили ҳали ҳам чиқарилмади, юк машинаси эса ҳали оммавий ишлаб чиқаришга киритилмади.

Нархлар борасида тахминлар

Манбаларнинг иккитаси «Tesla» янги автомобилни ҳозирги «Model 3» седанидан анча паст нархда таклиф қилишни режалаштираётганини айтган. Эслатиб ўтамиз, «Model 3» Хитойда 34 000 доллардан, АҚШда эса 37 000 доллардан бошланади. Харажатларни тежаш учун кичикроқ батареядан фойдаланиш кўзда тутилган, бу эса юриш масофасининг қисқароқ бўлишини англатади.

Шунингдек, компания иккита ўрнига битта электр мотор таклиф қилишни ва автомобилни сезиларли даражада енгиллаштиришни мақсад қилган. Янги моделнинг вазни тахминан 1,5 тонна бўлиши кутилмоқда (таққослаш учун, «Model Y» вазни тахминан 2 тонна).

Янги модел «Tesla»нинг Шанхайдаги заводида ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Муддатлар номаълум бўлса-да, автомобилни ишлаб чиқариш бу йил бошланиши эҳтимолдан йироқ.

Теглар

Мавзуга оид