«Техпаспорт»нинг амал қилиш муддати 2026-йил 1-апрелдан кейин олинган гувоҳномаларга тааллуқли бўлади

Кеча 21:042 дақиқа

Бу транспорт воситасининг кузов, двигател сингари асосий агрегатларининг мавжудлигини инвентаризациядан ўтказиш мақсади билан изоҳланган.

Автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати 2026-йил 1-апрелдан кейин олинган гувоҳномалар («техпаспорт»)га тааллуқли бўлади. Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.

Ҳукуматнинг 30-март куни қабул қилинган қарори билан Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тартиби белгиланганди.

Қарорга мувофиқ, энди «техпаспорт» 5 йил муддатга берилади. Бунгача унинг амал қилиш муддати йўқ эди.

ЙҲХХ буни «транспорт воситасининг кузов, двигател сингари асосий агрегатларининг мавжудлигини инвентаризациядан ўтказиш мақсади» билан изоҳлаган.

Олдиндан хабардор қилиш зарур

Янги қоидага кўра, транспорт эгаси бошқа шахсга вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берган бўлса, қоидабузарлик содир этилган тақдирда жарима айнан ушбу шахс номига расмийлаштирилиши мумкин. Бунинг учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини олдиндан хабардор қилиш талаб этилади.

Низомга мувофиқ:

• Хабардор қилиш жараёни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали амалга оширилади;

• Фойдаланувчи шахсий кабинет очиб, махсус сўровномани тўлдиради ва бошқариш ҳуқуқи берилган муддатни кўрсатади;

• Бошқариш ҳуқуқини олган шахс эса мазкур сўровномани тасдиқлаши лозим. У электрон рақамли имзо, «Mobile-ID» ёки «Face-ID» орқали розилигини билдириб, келгусида жарималар унга нисбатан расмийлаштирилишига рози бўлади.

Пулли хизмат

Мазкур хизматдан фойдаланиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи (41,2 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Ушбу механизм орқали транспорт эгалари жарима баллларидан асоссиз равишда зарар кўришининг олди олиниши кутилмоқда.

Шунингдек, мазкур қарор билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома 5 йил муддатга расмийлаштирилиши белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид