add

Тиббиёт ходимларига малака тоифаси бериш тўлиқ рақамлаштирилди

Кеча 11:241182 дақиқа

Янги тизим малака баҳолаш, имтиҳон ва устамаларни тайинлашда инсон омилини кескин камайтириши айтилмоқда.

Тиббиёт ходимларига малака тоифаси бериш тўлиқ рақамлаштирилди

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш жараёни тўлиқ рақамли форматга ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Энди малака тоифаси берилганини тасдиқловчи қоғоз сертификатлар бекор қилиниб, уларнинг ўрнини электрон сертификатлар эгаллади. Бу янгилик соҳада шаффофликни ошириш ва бюрократик тўсиқларни қисқартиришга қаратилган.

Президентнинг 2023 йил 20 июндаги қарори асосида Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ташкил этилди. Марказ фаолияти рақамли ечимлар орқали кадрлар салоҳиятини холис ва замонавий мезонлар асосида баҳолашни мақсад қилди. Шу доирада ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш жараёнлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди.

Янги тартибга мувофиқ, малака тоифаси учун ҳужжатлар йиғмажилд кўринишида қабул қилинмайди. Аризалар электрон тарзда топширилади ва ҳар бир босқич онлайн кузатиб борилади.

Имтиҳонлар эса онлайн трансляция, аудио ва видео назорат орқали ўтказилмоқда, бу эса натижаларнинг холислигини таъминлайди.

«Тиббий малака ахборот тизими» орқали барча мутахассисликлар бўйича тест ва амалий синов саволлари шакллантирилди. Саволлар ўзбек ва рус тилларида тайёрланган бўлиб, «Random» дастури орқали танланади ва натижалар дарҳол эълон қилинади. Бу инсон омили аралашувини минимал даражага туширди.

Рақамлаштириш натижасида ҳужжатлар сони 14 тадан 11 тага қисқарди, қолган маълумотлар идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик олинади. Энг муҳими, тиббиёт ходимларининг пойтахтга бориб келиш харажатлари ва вақт сарфи бутунлай бартараф этилди.

2025 йилда тажриба-синов тариқасида 15 та туман ва шаҳарда сертификат олган тиббиёт ходимларининг ойлик маошига 100 фоизгача устама автоматик қўшила бошлади. Электрон сертификатлар базасининг UzASBO-2 тизими билан интеграция қилиниши бу жараённи тўлиқ автоматлаштирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ССВ «Электрон рецепт» тизими бўйича муҳим саволларга жавоб берган эди.

Теглар

Мавзуга оид