Logo

TikTok болаларнинг розилигисиз маълумотларини йиғгани учун 400 миллион доллар тўлайди

2023-йилда АҚШ расмийлари TikTok’ни Хитойнинг «Троя оти» деб атаган эди. Ўшанда Миллий хавфсизлик агентлиги Хитой томони маълумотлардан фойдаланиб, Америка жамиятида «келишмовчиликлар» келтириб чиқариш учун манипуляция қилиши мумкинлигини билдирган.

TikTok болаларнинг розилигисиз маълумотларини йиғгани учун 400 миллион доллар тўлайди © Ijtimoiy tarmoqlar

TikTok ва АҚШ Адлия вазирлиги болаларнинг интернетдаги шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун бузилгани ҳақидаги иш бўйича келишувга эришди. Компания ва унинг бош корпоратив тузилмаси ByteDance 400 миллион доллар тўлайди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Вазирликнинг маълум қилишича, даъво аризаси берилганидан кейин TikTok’да бошқарув тузилмаси, қонун талабларига риоя этилишини назорат қилиш тизими ва фойдаланувчилар махфийлигини ҳимоя қилиш ёндашувларига ўзгартиришлар киритилган. Вазирлик, шунингдек, ушбу келишув шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича товон пули миқдори жиҳатидан энг йирик келишувлардан бири эканини таъкидлади.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, келишув доирасида TikTok вояга етмаган фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтирган, ёш бўйича чекловлар назоратини яхшилаган ва ота-оналар назорати имкониятларини кенгайтирган. Келишув компания қонунни бузганини тан олмасдан туриб, ишни ёпишни назарда тутади.

2024-йилда АҚШ Адлия вазирлиги TikTok ва ByteDance’га қарши болаларнинг интернетдаги шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун талабларини бузганликда гумон қилиб, судга даъво киритган. Вазирликнинг таъкидлашича, платформа 13 ёшдан кичик фойдаланувчиларга аккаунт очишга имкон берган ва уларнинг шахсий маълумотларини ота-оналарининг розилигисиз тўплаган.

2023-йилда АҚШ расмийлари TikTok’ни Хитойнинг «Троя оти» деб атаган эди. Ўшанда Миллий хавфсизлик агентлиги Хитой томони маълумотлардан фойдаланиб, Америка жамиятида «келишмовчиликлар» келтириб чиқариш учун манипуляция қилиши мумкинлигини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид