
Тимур Кападзе Индонезия терма жамоасига бош мураббий бўлиши мумкин
Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ мураббийи Тимур Кападзе Индонезия терма жамоасига бош мураббий сифатида таклиф этилиши мумкинлигини маълум қилди. У расмий чақирув бўлса, қабул қилишга тайёрлигини айтди.

Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, 44 ёшли Тимур Кападзе Индонезия миллий терма жамоаси бош мураббийлигини қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда Индонезиядаги Окезоне Бола нашри футбол таҳлилчиси Эффенди Газали ва Тимур Кападзенинг суҳбатига таяниб хабар берди.
«Мен Индонезияни ва унинг футбол мухлисларини яхши кўраман. Қўллаб-қувватлов учун миннатдорман. Кўплаб индонезиялик фанатлар мени терма жамоа бош мураббийи сифатида кўришни исташини айтишди. Мен кутяпман — агар расмий таклиф бўлса, уни қабул қиламан», — деган у.
Мутахассис шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида келажакдаги фаолияти ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди.
Унга кўра, ҳозирча Қозоғистондан ҳеч қандай расмий таклиф бўлмаган, аммо Индонезия, Туркия ва Хитой вариантлари муҳокама қилинмоқда.
«Ҳозирча аниқ бир нарса айтиш қийин. Эҳтимол, Ўзбекистонда қолиб, Суперлига жамоаларидан бирида ишлашим ҳам мумкин», — деган Кападзе.
Маълумотларга кўра, Индонезия терма жамоаси 16 октябрда истеъфога чиққан Патрик Клюйвертнинг ўрнига янги мураббий изламоқда. Номзодлар орасида Кападзе ҳам борлиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тимур Кападзе 2025 йил январидан октябригача Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган. Унинг раҳбарлигида жамоа 9 та ўйин ўтказиб, 5 тасида ғалаба қозонган ва 4 та учрашувни дуранг билан якунлаган. Кейинчалик Кападзе жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Фабио Каннаваро штабинига қўшилганди. 9 ноябр куни эса у миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.





