Logo

Тожикистон 2030 йилда аҳолини рўйхатдан ўтказади

Бугун 17:332 дақиқа

Тожикистонда 2030 йил октябр ойида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.

Тожикистон 2030 йилда аҳолини рўйхатдан ўтказади

Тожикистонда аҳоли ва уй-жой фондини навбатдаги рўйхатга олиш 2030 йилнинг 1–31 октябр кунлари оралиғида ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Эмомали Раҳмон томонидан 6 июн куни имзоланган фармонда белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, рўйхатга олиш тадбири мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Тожикистон президенти матбуот хизматига кўра, ушбу жараёндан кўзланган асосий мақсад аҳоли сони, унинг жойлашуви ва демографик ҳолати ҳақида аниқ маълумотлар тўплашдан иборат.

Тўпланган маълумотлар давлат прогнозлари, концепциялар, стратегиялар ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини тайёрлашда фойдаланилади. Шунингдек, улар мамлакатдаги демографик жараёнларни таҳлил қилиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Тайёргарлик ишлари

Рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, маълумотларни қайта ишлаш, якунларни чиқариш ва натижаларни эълон қилиш вазифаси президент ҳузуридаги Статистика агентлиги зиммасига юклатилди.

Фармонга мувофиқ, агентликка шартнома асосида қўшимча ходимларни жалб қилиш ҳуқуқи берилди. Уларнинг меҳнат ҳақи ва бошқа харажатлар аҳоли рўйхатини ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Шу билан бирга, жалб қилинадиган ходимлар учун ўртача иш ҳақи миқдори Статистика агентлиги ходимларининг лавозим маошларига нисбатан 1,5 баравар юқори белгиланади.

Молиялаштириш манбалари

Тожикистон Молия вазирлигига рўйхатга олиш ишларини молиялаштириш вазифаси топширилди. Маблағлар давлат бюджети доирасида 2026–2033 йиллар учун ажратиладиган ресурслар ҳамда халқаро ташкилотлар грантлари ҳисобидан таъминланади.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил 1 январ ҳолатида Тожикистон аҳолиси сони 10,721 миллион нафарни ташкил этган. Мамлакатдаги сўнгги аҳоли ва уй-жой фонди рўйхати эса 2020 йил октябр ойида ўтказилган эди.

Теглар

Мавзуга оид