
Тожикистон-Афғонистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди
Ҳодиса оқибатида икки тожик чегарачиси ва уч афғон жангариси ҳалок бўлган.

Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги давлат чегарасида қуролли тўқнашув содир бўлди. Оқибатда Тожикистон чегара қўшинларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, афғон томондан эса уч нафар жангари йўқ қилинган. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот хизмати баёнотига таяниб, «Ховар» агентлиги хабар қилди.
Расмий маълумотларга кўра, жангарилар 23 декабр куни соат 23:30 атрофида Афғонистон ҳудудидан Тожикистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. 24 декабр куни соат 11:15 да ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида уларнинг жойлашган манзили аниқланган. Чегарачилар томонидан таслим бўлиш талаби қўйилганига қарамасдан, гуруҳ қуролли қаршилик кўрсатган.
Қўмита баёнотида таъкидланишича, жанговар операция натижасида уч нафар террорчи зарарсизлантирилган. Воқеа жойидан М-16 русумли ўқотар қуроллар, Калашников автомати, хорижда ишлаб чиқарилган глушителли тўппонча, қўл гранаталари, тунги кўриш мосламаси, портловчи моддалар ҳамда бошқа ҳарбий анжомлар мусодара қилинган.
«Сўнгги бир ой ичида бу қуролли ҳужум, террорчилик ҳаракати содир этиш ва давлат чегарасини Афғонистон ҳудудидан Тожикистон ҳудудига ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ учинчи ҳолат бўлиб, тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлди», — дейилади қўмита хабарида.
Баёнотда қайд этилишича, сўнгги бир ой ичида содир этилган шундай ҳужумлар натижасида тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар қурбон бўлган.
Расмий Душанбе Толибон ҳукуматини чегара хавфсизлигини таъминлаш борасида халқаро мажбуриятларни бажармаётганликда айблади. Шунингдек, уларнинг террористик гуруҳлар фаолиятига қарши самарали чоралар кўришда қобилиятсизлик ва такрорий масъулиятсизлик кўрсатаётганини таъкидлади.
Тожикистон томони Афғонистон билан чегарада барқарорликни таъминлаш мақсадида «қўшимча таъсирчан чоралар» кўрилишига умид билдириб, хавфсизлик масаласидаги таҳдидлар сақланиб қолаётганини очиқ билдирди.





