Тожикистон чегарачилари ва «Толибон» ҳаракати кучлари ўртасида қуролли тўқнашув юз берди

27.10.2025 | 19:301 дақиқа

Тўқнашувда қурбонлар бор, аммо аниқ сони ва қайси томондан йўқотишлар бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Тожикистон чегарачилари ва «Толибон» ҳаракати кучлари ўртасида қуролли тўқнашув юз берди

Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги Шамсиддин Шоҳин туманида тожик чегарачилари ва «Толибон» ҳаракати кучлари ўртасида қуролли тўқнашув юз берди. Бу ҳақда Asia-Plus хабар бермоқда.

Қайд этилишича, воқеа 25 октябр куни Тожикистоннинг Шамсиддин Шоҳин тумани ва Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги Шаҳри Бузург тумани оралиғида жойлашган Дованг қишлоғида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, можарога икки давлат ўртасидаги табиий чегара вазифасини бажараётган Панж (Амударё) дарёси ўзанининг ўзгариши сабаб бўлган. Бу масала илгари ҳам томонлар ўртасида келишмовчиликлар келтириб чиқарган.

ОАВ хабар қилишича, отишма хорижий компаниялар, жумладан, Хитой корхоналари фаолият юритаётган олтин қазиб олиш ҳудудида рўй берган. Баъзи маълумотларга кўра, қурбонлар бор, аммо уларнинг сони ва қайси томондан экани ҳозирча очиқланмаган.

Тожикистон ҳокимияти ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳали расмий баёнот бермади. «8 subh» нашрининг ёзишича, воқеадан сўнг ҳаракат раҳбарияти Бадахшоннинг янги ҳокими Исмоил Ғазнавий билан учрашув ўтказиб, чегарадаги вазиятни муҳокама қилган.

Ҳодиса яқинда Балх вилояти ҳокими Юсуф Вафо бошчилигидаги Толибон делегациясининг Душанбега ташрифи фонида содир бўлди. Ҳодисага қарамай, Тожикистон ва Афғонистон ўртасида инсонпарварлик ёрдами ҳамда савдо-иқтисодий алоқалар давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид