Тожикистон электрининг 95 фоизини ГЭСларда ишлаб чиқаряпти
Тожикистоннинг йиллик гидроэнергетика салоҳияти 527 миллиард киловатт-соатга баҳоланмоқда, аммо ҳозирча бу имкониятларнинг фақат 4 фоизи ўзлаштирилган.
© flickr.comТожикистон дунёда «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади, чунки мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг қарийб 95 фоизи гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазирлиги Боку энергетика форуми якунлари бўйича маълум қилди.
1 июн куни Бокуда Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Шариф Маҳмадзода «Барқарор ва диверсификация қилинган энергетик келажак учун халқаро ҳамкорлик» мавзусидаги вазирлар ялпи сессиясида нутқ сўзлади. Шунингдек, у Марказий Осиёда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергетик трансформацияни илгари суришга бағишланган вазирлар мулоқотида иштирок этди.
Гидроэлектростанциялар
«Тожикистон учун энергетик трансформация нафақат глобал иқлим кун тартибининг бир қисми, балки миллий тараққиёт, энергетик хавфсизлик, саноат ўсиши ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашнинг стратегик шартидир», – деди Шариф Маҳмадзода.
Унинг таъкидлашича, мамлакат электр энергетикаси тизимининг асосини қайта тикланувчи гидроэнергетика ташкил этади.
Шу билан бирга, Тожикистоннинг гидроэнергетика салоҳияти йилига тахминан 527 миллиард киловатт-соатга баҳоланмоқда. Бироқ бу имкониятларнинг ҳозирча атиги 4 фоизи ўзлаштирилган.
Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими ва CASA-1000 лойиҳаси
Вазир ўринбосари иқлим ўзгариши, музликларнинг эриши, дарёлар оқимининг мавсумий ўзгариши ҳамда электр энергиясига талабнинг ўсиши энергетика тармоғини диверсификация қилиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва қуёш, шамол ҳамда бошқа қайта тикланувчи энергия технологияларини кенг жорий этишни талаб қилаётганини қайд этди.
Форумда энергетика соҳасидаги минтақавий ҳамкорликнинг аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазирлик маълумотига кўра, Тожикистоннинг Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қайта уланиши ва CASA-1000 лойиҳасининг амалга оширилиши тоза энергия минтақавий бозорини ривожлантириш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги энергетик ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашнинг муҳим омиллари сифатида баҳоланмоқда.





