
Тожикистонда электр чекловлари кучайтирилди: давлат идораларида чироқлар ўчирилади
Тожикистонда электр танқислиги кескинлашиб, давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари ишдан сўнг тўлиқ тармоқдан узилиши белгиланди, чекловлар муддати эса маълум қилинмаган.

Тожикистон ҳукумати электр таъминотидаги мавсумий танқисликка жавобан бутун мамлакат бўйлаб қўшимча чекловлар жорий этди. «Электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари» АЖ барча ҳудудий филиалларга янги кўрсатмалар юбориб, айрим тоифадаги истеъмолчиларни кечки пайт тўлиқ тармоқдан узиш тартибини белгилади.
Унга кўра, 1-гуруҳ истеъмолчилари — 5 kWгача қувват сарфлаган саноат ва бошқа объектлар, пойтахтдан ташқари ҳудудларда белгиланган вақтда электрдан узилади. Шу билан бирга, ақлли ҳисоблагичлар ҳам режага мувофиқ вақтинча ишдан чиқарилади.
Энг кескин чекловлар давлат органлари ва бюджет ташкилотларига тааллуқли. Расмий кўрсатмага биноан, электр таъминоти ҳар куни 18:00 дан бошлаб, эртаси иш кунгигача тўхтатилади. Бундан ташқари, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган кўча ёритиш тизимлари ўчирилади, электромобил қувватлаш станциялари эса соат 18:00–22:00 оралиғида фаолият юритмайди.
Кўрсатмалар 27 ноябрдан бошлаб дарҳол амалга киритилган. Бироқ чекловлар қачонгача давом этиши ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Энергетика соҳасидаги муаммонинг асосий сабаби — Норак сув омборидаги ҳолат. Мамлакатнинг 50–70 фоиз электр энергиясини ишлаб чиқарувчи Норак ГЭСда сув сатҳи сезиларли равишда, тахминан 3 метрга камайган. Бу мамлакатнинг барча ҳудудларида электр таъминотига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Расмийлар маълумотига кўра, пойтахт Душанбе ташқарисидаги ҳудудларга электр эрталаб соат 5:30–8:00, кечқурун 17:30–21:00 оралиғида берилаётгани айтилган. Бироқ аҳоли амалий шароит бошқача эканини таъкидламоқда: кўп жойларда фақат 2 соатлик электр таъминоти мавжуд. Кейинг кунларда мамлакат пойтахтининг ўзида ҳам қисқа муддатли ўчиришлар қайд этилган.





