add

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

2021 йилдан бери мамлакатнинг Тошкентдаги элчиси сифатида фаолият юритиб келган Абдужаббор Раҳмонзода лавозимидан озод этилди.

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Тожикистон Ўзбекистонга янги элчи тайинлади. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Тожикистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Насриддин Исматулло Абдужаббор Раҳмонзода ўрнига Тожикистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди.

Маълумотларга кўра, Насриддин Исматулло тажрибали дипломат ҳисобланади. У 1971 йил 21 февралда туғилган, Тожикистон Аграр университети ҳамда Россия ТИВ ҳузуридаги Дипломатия академиясини тамомлаган. Унинг фаолияти давомида халқаро ташкилотлар, халқаро ҳуқуқ ва хавфсизлик билан боғлиқ йўналишларда турли лавозимларда ишлагани таъкидланади.

Янги элчи Австрия, АҚШ ва қатор Европа давлатларида Тожикистоннинг расмий вакили сифатида фаолият юритган. Шунингдек, у ЕҲХТ ва бошқа халқаро ҳамкорлик платформаларида мамлакат манфаатларини илгари суришда қатнашган.

Раҳмонзоданинг лавозимдан озод этилиши сабаблари расман ошкор этилмаган. Аммо Тожикистон ташқи сиёсат идорасидаги ротация жараёнлари доимий тарзда амалга оширилиши маълум қилинган. Айни пайтда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик изчил давом этмоқда.

Янги элчи Насриддин Исматуллонинг фаолияти асосан ташқи сиёсат, хавфсизлик ва халқаро ҳамкорликка қаратилган бўлиб, унинг Тошкентдаги миссияси икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди | Vaqt.uz