Тўқаев Россия-Украина можаросини «музлатиш»ни таклиф қилди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Владимир Путин билан учрашувда Россия-Украина уруши «музлатилиши» ва музокаралар «Истанбул 2.0» форматида қайта тикланиши кераклигини айтди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Омск шаҳрида Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган музокараларда Украинадаги урушни «музлатиш» ва дипломатик музокараларга қайтиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги можаро юзасидан АҚШ ва Европа томонидан турли сигналлар келиб тушмоқда. У мазкур фикрларни Путин билан ҳам муҳокама қилганини айтди.
«Қандайдир фуқаролар уруши ҳақида гапирмаяпмиз. Биз ҳар доим Украина халқини, уларнинг маданияти ва тилини ҳурмат қилганмиз. Ушбу низонинг хусусияти кўпчиликка, жумладан, бизга ҳам тўлиқ тушунарли эмас, деб ҳисоблаймиз.
Масалан, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги низо, жумладан, унинг моҳияти ва келиб чиқиши бизга жуда яхши тушунарли эди. Лекин юқоридаги ҳолатни тушуниш жуда қийин», — деди Қозоғистон президенти.
Унинг таъкидлашича, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можаронинг сабаблари аниқроқ тушунарли бўлган, бироқ Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг келиб чиқиши ва моҳиятини баҳолаш анча мушкул.
«Истанбул 2.0»га чақириқ
Тўқаев Путиннинг Аляскада АҚШ вакиллари билан бўлиб ўтган музокараларда максимал дипломатик мослашувчанлик намойиш этганини таъкидлади.
«Менга мурожаат қилишаётгани учун бу шунчаки менинг камтарона фикрим. Балки бу низони тўхтатиб туриш ва «Истанбул 2.0» формуласига қайтиш вақти келгандир», деди у.
Қозоғистон президентининг фикрича, Аляскадаги музокаралар муайян ижобий натижалар берган ва дипломатик жараённи давом эттириш учун асос яратган.
«Барига чек қўйиш керак»
Тўқаев урушнинг энг оғир оқибатларидан бири инсонлар, айниқса ёшлар ҳаётига зиён етаётгани эканини қайд этди.
«Қозоғистон тарафдор мамлакат эмас, лекин шу билан бир вақтда чақириқларга қарамасдан, воситачилик қилишни қатъиян рад этаман. Россия кун тартибидаги барча масалаларни воситачиларсиз ҳам ҳал қила олади», — деди Қозоғистон президенти.





