Logo

Тўққиз ой давомида биржада энг қиммат мобил рақам 317 млн сўмга сотилди

Кеча 08:553 дақиқа

Онлайн-аукционларда қарийб 5 мингта рақам сотилган. Республика товар-хом ашё биржасининг маълум қилишича, битимларнинг умумий ҳажми қарийб 30% га ошган.

Тўққиз ой давомида биржада энг қиммат мобил рақам 317 млн сўмга сотилди © UzEx

UZEXда битимлар ҳажми 29 фоизга ошди, ташқи савдо уч баравар кўпайди

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида товар-хом ашё биржасида савдолар фаоллашди. Давлат харидлари, суюлтирилган газ ва мобил рақамлар савдосида ҳам ўзгаришлар кузатилди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) 2026 йилнинг январь–сентябрь ойлари якунларини эълон қилди. Ҳисобот даврида биржа савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга ошган. Ташқи савдо битимлари эса уч баравардан ортиқ кўпайиб, 646,6 млн АҚШ долларига етган.

Бу ҳақда 30 октябрь куни UZEX марказий офисида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Биржада 1,7 миллиондан ортиқ битим тузилди

Ҳисобот даврида биржада 1,7 миллиондан ортиқ битим тузилган ва 27,6 мингдан зиёд янги мижоз рўйхатдан ўтказилган.

Савдо йўналишлари кесимида биржа савдолари ҳажми 31 фоизга, электрон давлат харидлари 32 фоизга, кўргазма-ярмарка савдолари эса 68 фоизга ошган.

Биржа савдоларида энг катта улуш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғри келган — 30 фоиз. Кейинги ўринларда ёқилғи-энергетика маҳсулотлари (29 фоиз), қора ва рангли металлар (22 фоиз), кимё ва нефткимё маҳсулотлари (11 фоиз), қурилиш материаллари (8 фоиз) қайд этилган.

Суюлтирилган газ нархи 10 фоизга арзонлашди

2026 йил январь–сентябрь ойларида электрон биржа савдолари орқали 312,8 минг тонна суюлтирилган газ сотилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоиз кўп.

Биржа маълумотларига кўра, октябрь ойида суюлтирилган газнинг ўртача нархи бир тонна учун 11,5 млн сўмдан 10,3 млн сўмгача пасайган. Бу 10 фоизлик арзонлашувни англатади.

Шунингдек, кўриб чиқилаётган даврда биржа орқали жами 9 471,8 килограмм қимматбаҳо металл сотилган. Унинг 8 840,9 килограммини олтин, 630,9 килограммини эса кумуш ташкил этган. Олтиннинг биржадаги ўртача нархи бир грамм учун 1,637 млн сўм бўлган.

Давлат харидларида 6,8 трлн сўм тежалди

Электрон давлат харидлари соҳасида январь–сентябрь ойлари якунларига кўра, «Xarid» электрон савдо тизими орқали бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг 6,8 трлн сўм маблағлари тежалган.

Шу билан бирга, давлат харидлари бўйича «Xarid» электрон савдо тизимининг янги версияси ишга туширилган. Ундан new-xarid.uzex.uz манзили орқали фойдаланиш мумкин.

Янгиланган платформада савдо турлари бўйича қидирув механизмлари такомиллаштирилган, товарлар ва хизматлар нархларини таҳлил қилиш воситалари жорий этилган. Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари интеграция қилиниб, фойдаланувчиларга саволлари бўйича реал вақт режимида жавоб олиш имконияти яратилган.

Харид жараёнларини такомиллаштириш доирасида марказлашган харидлар механизми ҳамда фармацевтика соҳасига ихтисослаштирилган farma.uzex.uz электрон платформаси ҳам ишга туширилган.

UZEX маълум қилишича, давлат харидлари тизимида сунъий интеллект жорий этилиши натижасида тадбиркорлар томонидан электрон ва миллий дўконларда жойлаштириладиган эълонларни модерация қилиш ва баҳолаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Бу эълонларни қайта ишлаш тезлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Мобил рақамлар 317 млн сўмгача сотилди

Биржанинг mobilraqam.uzex.uz платформасида онлайн-аукционлар орқали қарийб 5 мингта мобил рақам сотилган.

Уларнинг 96 фоизи жисмоний шахслар, 4 фоизи эса юридик шахслар томонидан харид қилинган. Сотилган рақамлар нархи 31,5 минг сўмдан 317,2 млн сўмгача бўлган.

«Mobilraqam» платформасининг имкониятлари ҳам кенгайтирилган. Энди рўйхатдан ўтган иштирокчилар уяли алоқа операторини танлаб, мобил рақам харид қилиш учун электрон ариза топшириши мумкин.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларга ўзларига тегишли мобил рақамларни онлайн-аукцион ёки «Тезкор битим» механизми орқали сотиш имконияти яратилган.

Теглар

Мавзуга оид

Тўққиз ой давомида биржада энг қиммат мобил рақам 317 млн сўмга сотилди | Vaqt.uz