Logo

«Тошкент – Бекобод» йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилди

Президент Шавкат Мирзиёев янги йўлга қўйилган электропоездда Тошкентдан Бекобод шаҳрига борди.

«Тошкент – Бекобод» йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилди © prezident.uz

Шавкат Мирзиёев «Тошкент – Бекобод» йўналишида янги қўйилган электропоездда Бекобод шаҳрига келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бекобод вокзалида Президентимиз пойтахт ва мазкур шаҳарни боғловчи йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

192 километрлик «Тошкент – Бекобод» темир йўл қатнови кунига қарийб минг нафар, йилига эса 300 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Эндиликда унда олти вагондан иборат, 586 нафар йўловчига мўлжалланган электропоезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатланади. Бу, айниқса, ҳар куни иш ва ўқишга қатнайдиган фуқаролар учун қўшимча қулайлик яратади.

Электропоездда йўловчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ўрнатилган. Вагонлар кондиционер ва иситиш тизимлари, юмшоқ ўриндиқлар, USB қувватлаш нуқталари ҳамда Wi-Fi тармоғи билан жиҳозланган. Шунингдек, видеокузатув тизимлари, электрон ахборот таблолари ва велосипедлар учун махсус жойлар мавжуд.

Тезкор электропоезднинг қатновга қўйилиши автомобиль йўлларидаги транспорт юкламасини камайтириш ва экологик тоза транспорт улушини оширишга хизмат қилади.

Президентимиз темир йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, тармоқларни электрлаштириш ва темир йўлларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш сифати ва йўловчилар ҳаракатини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Теглар

Мавзуга оид