add

Тошкент бош режасига ўзгартишлар киритилади — Қурилиш вазирлиги

Кеча 17:162562 дақиқа

Қўриқлаш режими жорий этилган ҳудудлар, бош режа тасдиқланишидан олдин ким ошди савдосига чиқарилган ерлар, чекланган қаватли ер участкалари қайта кўриб чиқилади.

Тошкент бош режасига ўзгартишлар киритилади — Қурилиш вазирлиги

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 17 декабр куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Хидоятов тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилди. Ўзгартишлар асосан бош режа қабул қилинишидан олдин аукционга қўйилган ер участкаларига тааллуқли бўлади.

Муаммо Сергели туманида ер участкасини электрон E-auksion платформаси орқали харид қилган тадбиркор Комилжон Исломов мурожаатидан кейин кун тартибига чиқди. Унинг айтишича, ер харид қилинганидан сўнг қабул қилинган бош режага кўра мазкур ҳудуд қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланадиган зонага киритилган ва бу ерда ҳар қандай қурилиш ишлари тақиқланган. Тадбиркор бу ҳолатни Тошкентдаги жиддий тизимли муаммо сифатида баҳолади.

Қурилиш вазири ушбу муаммони тан олди. Унинг таъкидлашича, бош режа тасдиқланишидан олдин E-auksion орқали сотувга чиқарилган айрим ерлар ҳозирда қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланадиган зона ёки қаватлилик чеклови мавжуд ҳудудларга тўғри келиб қолган. Шу боис ҳукумат даражасида ҳуқуқий ечим тайёрланмоқда.

Хидоятовнинг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳаси Миллий барқарор урбанизация ва уй-жой бозорини ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Қарор лойиҳасида ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиши назарда тутилган.

«Имконият бўлган жойларда қурилишга рухсат берилади. Аммо айрим участкаларда имконият йўқ. Бундай ҳолларда ҳокимиятлар томонидан тадбиркорларга тўланган маблағлар қайтариб берилади», — деди вазир.

Унинг қўшимча қилишича, қарор бир ой ичида қабул қилиниши кутилмоқда. Шундан сўнг бош планга қабул қилинишидан олдин аукционга чиқарилган ер участкалари бўйича тегишли ўзгартишлар киритилади.

Маълумот учун, 2024 йил охирида тасдиқланган Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош планига кўра, пойтахт ҳудуди консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган. Айрим лойиҳалар эса белгиланган қаватлилик талабларига зид экани танқидларга сабаб бўлган.

Теглар

Мавзуга оид