Logo

Тошкент энг тез ўзгараётган шаҳарлар рейтингида учинчи ўринни эгаллади

Бугун 19:421 дақиқа

Рейтингида Тошкентдан кейинги ўринларни Доҳа, Гуанчжоу, Шанхай, Пекин, Жидда ва Мумбай эгаллади.

Тошкент энг тез ўзгараётган шаҳарлар рейтингида учинчи ўринни эгаллади

Тошкент шаҳар ўзгаришлари суръати бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда, Boston Consulting Group томонидан эълон қилинган янги глобал тадқиқотда маълум қилинди.

2026 йил 16 июнда чоп этилган «Built for Change: Cities of Choice 4.0» ҳисоботида дунёнинг 80 та шаҳри баҳоланди ва Ўзбекистон пойтахти ўзгаришлар суръати кўрсаткичи бўйича фақат Шенчжен ва Ар-Риёддан ортда қолди. Ушбу мезон бўйича Тошкент Марказий Осиё ва Каспий минтақасидаги барча шаҳарлардан олдинда қайд этилди.

Ўзгаришлар суръати рейтингида Тошкентдан кейинги ўринларни Доҳа, Гуанчжоу, Шанхай, Пекин, Жидда ва Мумбай эгаллади. Бу эса Ўзбекистон пойтахтини Осиёнинг энг жадал ривожланаётган шаҳарлари қаторига олиб чиқди.

Тадқиқот 200 дан ортиқ кўрсаткич, 5 миллиондан зиёд маълумотлар нуқтаси ҳамда 80 шаҳардаги 24 минг нафар аҳоли ўртасида ўтказилган сўров натижаларига асосланди. Таҳлил қамрови 10 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган. Якуний баҳонинг 80 фоизи объектив статистик маълумотлар, 20 фоизи эса аҳоли фикрлари асосида шакллантирилди. Шаҳарлар бешта йўналиш бўйича баҳоланди: ўзгаришлар суръати, иқтисодий имкониятлар, шаҳар муҳити сифати, ижтимоий капитал ва ҳукумат билан ҳамкорлик даражаси.

Тошкент бошқа йўналишларда ҳам юқори натижаларни қайд этди. Хавфсизлик ва умр давомийлиги бўйича Лондон, Берлин, Бостон, Лос-Анжелес, Дубай, Сингапур ва Остона каби шаҳарлардан юқори кўрсаткичга эга экани қайд этилди.

Теглар

Мавзуга оид