Тошкент ҳокимлиги ходимларига ичкиликбозлик, қимор ва қимматбаҳо совғалар тақиқланди
Қолаверса, уларнинг хизмат автомобилидан шахсий мақсадларда фойдаланиши ҳам мумкин эмас.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда тизим ташкилотлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари тасдиқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков томонидан 15 майда имзоланган фармойишда келтирилган.
Фармойишга кўра, ходимларга маишатбозлик, ичкиликбозликка йўл қўймаслик, давлат хизматига оид масалаларни муҳокама қилмаслик, қимматбаҳо совға олмаслик, хизмат гувоҳномаси ва хизмат автомобилидан шахсий мақсадларда фойдаланмаслик ҳамда қимор ўйнамаслик белгиланган.
Ҳужжат Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда тизим ташкилотлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари, Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низом ҳамда комиссия таркиби тасдиқланди. Бунда тизим ташкилотлари Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Одоб-ахлоқ комиссияси билан келишилган ҳолда ўзларининг ички ҳужжатлари билан ташкилот комиссияси таркибини тасдиқлайди.
Янги тасдиқланган одоб-ахлоқ қоидалари билан барча ходимлар таништирилиши лозим.





