Logo

Тошкент клубида чуқур инқироз: «Бунёдкор» пул йўқлиги сабаб Навоийга бора олмади

Бугун 21:321 дақиқа

Клуб «Қизилқум»га қарши 30 июл кунги ўйинда иштирок этиш учун йўл чиптаси, меҳмонхона ва овқатланиш харажатларига пул тополмаган.

Тошкент клубида чуқур инқироз: «Бунёдкор» пул йўқлиги сабаб Навоийга бора олмади © Foto: FCBunyodkor.com

«Бунёдкор» Суперлиганинг 15-туридан ўрин олган «Қизилқум»га қарши учрашувда иштирок эта олмаслигини Профессионал футбол лигасига расман маълум қилди. Мазкур ўйин 30 июл куни Навоий шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди.

ПФЛ маълумотига кўра, клуб Лигага йўллаган хатда оғир молиявий аҳвол туфайли жамоани сафарга юбориш имкони йўқлигини билдирган. Хусусан, йўл чипталари, меҳмонхона харажатлари ва делегация аъзоларининг овқатланиши учун маблағ мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Аввалроқ жамоа бош мураббийи ва бир қатор футболчилар ҳам бир неча ойдан бери маош олмаётгани ҳамда клуб базасида жиддий муаммолар мавжудлигини очиқ айтган эди.

Техник мағлубият ёзилади

ПФЛнинг билдиришича, Суперлига регламентига мувофиқ, «Қизилқум» — «Бунёдкор» учрашувида иштирок этмаган меҳмон жамоага техник мағлубият ёзилади.

Шу билан бирга, агар мавсум давомида бундай ҳолат яна бир марта такрорланса, «Бунёдкор»ни Суперлига мусобақасидан четлаштириш масаласи Лига Ижроия қўмитаси муҳокамасига киритилади.

ПФЛ, шунингдек, «Қизилқум» — «Бунёдкор» учрашувини ташкил этиш билан боғлиқ барча ташкилий ишлар тўхтатилганини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид