Тошкент метросига яна 56 та замонавий вагон харид қилинади
Тошкент метрополитени 2026 йилда яна қўшимча метро вагонлари харид қилиниб, поездлар оралиқ интервали қисқартирилишини маълум қилди.

Телеграм ижтимоий тармоғидаги бир қанча каналларда «Тошкент метросидаги тиғизлик муаммолари» ҳақидаги хабарлар юзасидан «Тошкент метрополитени» ДУК муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Тошкент метрополитенида 2021 йилгача 36 та поезд ҳаракатланган. Сўнгги 3 йил ичида замонавий турдаги 41 та янги ҳаракат таркиби харид қилиниб, 2025 йилда поездларнинг сони 75 тадан ошган.
«Шунингдек, 2026 йил давомида яна қўшимча 56 дона замонавий метро вагонларини харид қилиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида тасарруфдаги ҳаракат таркибларини янгиланишига ҳамда йўналишларда поездлар оралиқ интервалини қисқартиришга эришилади», дейилади хабарда.
Аввалроқ, 2025 йилнинг 9 ойи давомида метро орқали 205,7 млн нафар йўловчи ташилгани ва ҳар куни ўртача 753,5 минг йўловчи метродан фойдаланиши маълум қилинганди.





