Тошкент шаҳар дизайн-коди расман тасдиқланди

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши пойтахтнинг дизайн-кодини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу ҳужжат «Toshkent Invest» компанияси буюртмасига асосан «SM International» томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда шаҳар ҳокимлигининг таклифлари ҳам инобатга олинган.

Тошкент шаҳар дизайн-коди расман тасдиқланди

Дизайн-код жамоат жойларини режалаштириш, шаҳар дизайни элементларини жойлаштириш, тижорат объектларини безаш ва шаҳарнинг визуал идентификацияси бўйича ягона қоидаларни белгилайди. Ҳужжат таркибига дизайн элементлари каталоглари, туристик ва гастрономик кўчалар рўйхати ҳамда ҳудудларни сақлаш учун эксплуатация йиғими миқдорлари киритилган, деб хабар бермоқда Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси.

Янги талаблар ва назорат механизмлари

Қарорга мувофиқ, пойтахтдаги туман ҳокимликлари икки ой ичида бош архитекторлар назорати остида жамоат жойлари чегаралари схемаларини ишлаб чиқиши лозим. Дизайн-код талаблари қуйидаги йўналишларда мажбурий бўлади:

• Биноларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш ва реконструкция қилиш;

• Енгил конструкциялар ўрнатиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

• Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш;

• Ташқи реклама элементларини жойлаштириш;

• Муҳандислик тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини лойиҳалаштириш.

Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши мавсумий савдо ва қурилиш-монтаж ишларида ушбу стандартларга риоя этилишини қатъий назорат қилади.

Ижро муддатлари

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тўрт ой ичида жамоат жойларида манзил кўрсаткичлари ва навигация элементларини янги стандартлар асосида алмаштириш дастурини ишлаб чиқади. Дизайн-код талаблари капитал қурилишга оид шаҳарсозлик нормаларига (ШНҚ) интеграция қилинади.

Кенгаш қарори расман эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради. Бу пойтахтнинг ташқи қиёфасини тартибга солиш ва жамоат жойларини ривожлантиришда ягона тизимни жорий этиш имконини беради.

Теглар

Мавзуга оид