
Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бош инспектори пора билан ушланди
Инспектор тўқимачилик корхонасига ҳисобланган қўшимча солиқни бекор қилиб беришни ваъда қилиб, пора олгани аниқланди.

Тошкент шаҳар Солиқ бошқармасининг Солиқ аудити бўлими бош инспекторига нисбатан пора олиш айби билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ хабар қилди.
Қайд этилишича, бу иш Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамиятга нисбатан олиб борилаётган жиноят иши доирасида аниқланган. Мазкур иш бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Жиноят кодексининг 167- ва 184-моддалари асосида МЧЖ мансабдорларига нисбатан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси ўтказган тафтишда МЧЖга 8,7 млрд сўм қўшимча солиқ ҳисоблангани маълум бўлган. 15 сентябр куни суд ушбу корхонада қайта текширув ўтказиш ҳақида ажрим чиқарганидан кейин, бош инспектор МЧЖ вакилларига қўшимча солиқни бекор қилиб беришини ваъда қилган. Бунинг эвазига 5 минг АҚШ доллари олгани аниқланди.
Инспектор қўшимча солиқни бекор қилишни уддалай олмаган. Пора сифатида олган пулини қайтариб бераётган пайтда ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятининг Ховос туманида ИИБ Тезкор-қидирув хизматининг подполковник ва майор ходимлари пора билан ушлангани ҳақида хабар берилганди.





