Logo

Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

Бугун 10:251 дақиқа

30 июндан бошлаб Ўзбекистон ва Иордания пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Янги йўналиш туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади © planespotters.net

Ўзбекистон ва Иордания пойтахтлари — Тошкент ҳамда Аммон ўртасида мунтазам тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, янги авиайўналиш очилиши муносабати билан Иорданияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда мамлакатнинг туризм соҳаси вакиллари, йирик туроператорлар, меҳмонхона бизнеси раҳбарлари ҳамда Royal Jordanian Airlines авиакомпанияси раҳбарияти иштирок этди.

Тақдимот давомида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Ислом цивилизациясига оид муқаддас қадамжолар, буюк алломалар мероси ҳамда хорижлик зиёратчилар учун яратилган шароитлар Иордания томонининг қизиқишига сабаб бўлгани қайд этилди.

Дастлабки мунтазам рейс 30 июнь куни амалга оширилиши режалаштирилган. Жадвалга кўра, Royal Jordanian Airlines авиакомпаниясининг RJ196 рейси Аммондан маҳаллий вақт билан соат 22:50 да учиб, кейинги куни соат 05:25 да Тошкент халқаро аэропортига қўнади.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Ироқ расмийлари ҳам Бағдод—Тошкент йўналиши бўйича тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилгани хабар қилинган эди.

Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, бизнес-миссиялар ва B2B учрашувларини кўпайтириш, икки мамлакатнинг туризм имкониятларини биргаликда тарғиб қилиш юзасидан келишувга эришган.

Теглар

Мавзуга оид