Logo

Тошкент ва айрим туманлардаги иссиқхоналар учун солиқ 10 баравар оширилиши мумкин

Кеча 12:552 дақиқа

Қонун лойиҳасига кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида жойлашган иссиқхоналарга мол-мулк ҳамда ер солиғининг оширилган ставкалари жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Тошкент ва айрим туманлардаги иссиқхоналар учун солиқ 10 баравар оширилиши мумкин © egemen.kz

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим туманларида фаолият юритаётган иссиқхоналарга нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкаларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу назарда тутилган қонун лойиҳаси 31-июлгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида жойлашган иссиқхоналар эгаллаб турган ер участкалари учун ер солиғи қишлоқ хўжалиги ерларига белгиланган ставканинг 10 баравари миқдорида ундирилади. Шунингдек, бундай иссиқхоналарга амалдаги солиқ имтиёзлари татбиқ этилмайди.

Бироқ ушбу тартиб барча иссиқхоналарга бирдек қўлланмайди. Хусусан, иситиш қозонхоналари демонтаж қилинган ёки электр энергияси орқали иситиладиган иссиқхоналар учун оширилган мол-мулк ва ер солиғи ставкалари амал қилмайди. Бундай объектлар ҳақидаги маълумотлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан тақдим этилади.

Қонун лойиҳасида қайд этилишича, мазкур ўзгаришлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги экологик вазиятга иссиқхона хўжаликларининг салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, иссиқхоналарда экологик хавфсиз ва энергия тежамкор иситиш технологияларини жорий этишни рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 9-апрелдаги қарорига мувофиқ, ушбу қонун лойиҳаси 2026-йил 1-сентябрга қадар ишлаб чиқилиши белгиланган эди.

Мазкур қарорга асосан, 2026-йил 1-июн дан бошлаб Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида кўмир, мазут ва бошқа атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи ёқилғилардан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказиш тақиқланган.

Бундан ташқари, иссиқхона хўжаликлари иқлим шароити қулай бўлган Сурхондарё вилоятига босқичма-босқич кўчирилиб, молиявий кўмак ва замонавий инфратузилма билан таъминланади.

Vaqt.uz аввалроқ ўз таҳлилида иссиқхоналар кўчирилиши ортидаги асл муаммоларни таҳлил қилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкент ва айрим туманлардаги иссиқхоналар учун солиқ 10 баравар оширилиши мумкин | Vaqt.uz