
Тошкент вилоятида 24 туп тол ноқонуний кесилгани аниқланди
Табиатга етказилган зарар 218 миллион сўм деб баҳоланмоқда.

Тошкент вилояти Пискент туманидаги Лолариқ маҳалласида фуқаро мурожаати асосида ўтказилган текширув давомида «Янги замин боғдорчилик ва узумчилик ширкати» ҳудудида жойлашган «Ш.» фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдонининг четида ўсган 24 туп тол дарахти ноқонуний равишда кесиб ташлангани маълум бўлди.
Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси раҳбари Барҳаёт Мелиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб ҳолатни ўрганган.
Ўрганиш чоғида дарахтлар белгиланган тартибдаги рухсатномасиз кесилгани аниқланган. Фермер хўжалиги раҳбаридан тушунтириш хати олиниб, қонунбузарлик бўйича далолатнома расмийлаштирилган. Мутасаддиларга кўра, кесилган толлар табиий муҳитга сезиларли зарар етказган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сон қарорига мувофиқ, етказилган экологик зарар 218,566 миллион сўм этиб ҳисобланган. Мазкур сумма дарахтларнинг ёши, ҳолати ва экологик аҳамиятидан келиб чиқиб ҳисоблангани маълум қилинди.
Экология идораси тўпланган материалларни ҳуқуқий баҳо бериш учун Тошкент вилояти прокуратурасига юборган. Тегишли органлар томонидан фермер хўжалиги раҳбарининг жавобгарлиги қонун доирасида кўриб чиқилади. Бош бошқарма бу каби ҳолатлар юзасидан назорат мустаҳкамланишини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Оқтепа каналининг реконструкцияси пайтида мингга яқин дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар берилган эди.





