add

Тошкент вилоятидаги маҳаллалар сони қисқартирилди

Бугун 10:573791 дақиқа

Вилоятда ҳудудий бошқарувни такомиллаштириш мақсадида маҳаллалар чегаралари қайта кўриб чиқилди.

Тошкент вилоятидаги маҳаллалар сони қисқартирилди

Тошкент вилоятида маҳаллалар сонини оптималлаштириш ишлари якунланиб, жами маҳаллалар сони 142 тага қисқартирилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур масала Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама қилинган. Сессияда вилоят ҳудудида мақбуллаштирилган маҳаллалар чегараларини тасдиқлаш асосий масалалардан бири сифатида кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинган.

Оптималлаштириш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилган. Унга асосан, Давлат кадастрлари палатаси ҳамда Маҳаллалар уюшмасининг Тошкент вилоятидаги бошқармалари белгиланган тартибда чора-тадбирларни амалга оширди ва ҳудудлар кесимида таҳлиллар ўтказган.

Жараён доирасида нафақат маҳаллалар сони қисқартирилган, балки 178 та маҳалланинг чегараларига ҳам ўзгартиришлар киритилган. Бу ўзгаришлар аҳоли сони, ҳудудий яқинлик ва инфратузилма имкониятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилгани таъкидланмоқда.

Натижада, Тошкент вилояти бўйича жами мавжуд маҳаллалар сони 883 тани ташкил этмоқда. Сессияда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси раҳбарининг ушбу масала юзасидан тақдим этган ҳисоботи эшитилиб, депутатлар томонидан маъқулланган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, оптималлаштириш ишлари маҳаллий бошқарув тизимида аниқлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид