Тошкент халқаро инвестиция форуми: 99 давлатдан 8 мингдан зиёд иштирокчи кутилмоқда
Жорий йилги форумда қатор муҳим йўналишларни (жумладан, фармацевтика, қурилиш материаллари, транспорт-логистика, туризм ва таълим) қамраб олувчи инвестиция келишувларининг йирик тўпламини имзолаш режалаштирилган.
© Foto: president.uzЖорий йилнинг 16-18 июн кунлари бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади ва унда 99 та мамлакатдан жами 8 мингдан зиёд иштирокчи қатнашади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга форумга тайёргарлик юзасидан берилган ахборотда маълум қилинди.
Тадбирда қарийб 3,1 минг нафар хорижий меҳмон, жумладан, хорижий давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари ва вакиллари, нуфузли халқаро молия институтлари, йирик компаниялар ҳамда инвестиция жамғармалари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Таққослаш учун, 2022 йилда илк бор ўтказилган форумда 56 мамлакатдан 1 мингдан зиёд хорижий меҳмон қатнашган эди.
Келишувлар ва кўргазмалар дастури
Тақдимотда форум ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар дастури ҳақида маълумот берилди. Хусусан, ялпи мажлис, икки томонлама учрашувлар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция келишувларини имзолаш маросимлари ҳамда ишбилармонлар мулоқотлари ўтказилади.
Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини намойиш этиш кўргазмасида қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, геология, электротехника саноати, машинасозлик, кимё саноати, энергетика, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари тармоқларининг имкониятлари тақдим этилиши режалаштирилган.
Форум доирасида Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси ҳам бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, саноат-технологик ва инновацион ривожланишни жадаллаштириш, хусусий сектор ва халқаро инвесторлар учун янада қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинади.
Жорий йилги форумда ҳам инвестиция келишувларининг йирик тўпламини имзолаш режалаштирилган. Ҳозирда янги лойиҳаларни шакллантириш ишлари жадал кетмоқда.
Ишлаб чиқилаётган келишувлар кимё саноати, геология ва металлургия, енгил саноат, электротехника ва машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, энергетика ва экология, рақамли технологиялар, қурилиш ва инфратузилма, банк-молия, транспорт-логистика, туризм ҳамда таълим каби муҳим йўналишларни қамраб олади.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши янги иш ўринлари яратиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Давлат раҳбари форумни юқори ташкилий даражада ўтказиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини аниқ лойиҳалар орқали намоён этиш муҳимлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга хорижий меҳмонларни кутиб олиш, тадбирлар дастурини пухта ташкил қилиш, имзоланадиган келишувларнинг аниқ ижро механизмларини белгилаш ва форумдан кейин уларни тизимли мониторинг қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.





