Logo

Тошкентда 212 та бекат ҳокимлик тасарруфига ўтказилади

Бугун 21:562 дақиқа

Пойтахтда реконструкция қилиниши режалаштирилган жамоат транспорти бекатлари жойлашган ер майдонлари ҳокимлик номига қайта расмийлаштирилади.

Тошкентда 212 та бекат ҳокимлик тасарруфига ўтказилади © Foto: t.me/codd_tashkent

Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоат транспорти бекатлари жойлашган 177 та ҳудудни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ўз тасарруфига олади. Бу ҳақдаги қарор 30 июнь куни пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан имзолади.

Ҳужжатга кўра, оммавий хатлов натижасида реконструкция қилиниши зарур деб топилган бекатлар жойлашган ер участкалари Тошкент шаҳар ҳокимлиги номига қайта расмийлаштирилади.

Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги мавжуд иншоотлар ҳам ҳокимлик мулкига ўтказилади.

Умумий майдони 8 884 квадрат метр бўлган 212 та бекат мажмуаси ҳокимлик тасарруфига олинади. Айрим ҳудудларда бир нечта реконструкция қилинадиган объект мавжуд.

Энг кўп бекатлар Шайхонтоҳур тумани ҳиссасига тўғри келади — бу ерда 35 та нуқта ҳокимлик балансига ўтказилади.

Шунингдек, қарор доирасида Юнусобод туманидаги 26 та, Чилонзордаги 24 та ва Мирзо Улуғбек туманидаги 22 та бекат ҳам қамраб олинган.

Реконструкция қилинадиган бекатлар асосан йирик кўчалар ва аҳоли гавжум ҳудудларида жойлашган. Улар орасида:

●     Чилонзордаги «Ипподром-2», «Шуҳрат» дўкони ва «Халқлар дўстлиги саройи» бекатлари;

●     Юнусободдаги «Юнусобод тумани ҳокимлиги», «Малика бозори», «Гидрометеомарказ» ва «Юнусобод бозори» бекатлари;

●     Яшнободдаги «Қўйлиқ-3» ва «Фарғона бозори» бекатлари бор.

Қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев зиммасига юклатилган.

Аввалроқ 2026 йил давомида Тошкентнинг 30 дан ортиқ кўчасида “А” тоифасидаги алоҳида йўлакларни ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Мазкур йўналишларда делиниаторлар ва жамоат транспорти самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа инфратузилма элементлари ҳам босқичма-босқич жорий этилади

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентда 212 та бекат ҳокимлик тасарруфига ўтказилади | Vaqt.uz