Logo

Пойтахтда тирбандликларни камайтиришга қаратилган янги транспорт ечими жорий этилмоқда

Бугун 10:142 дақиқа

Энди автобус йўлаклари учун махсус делиниаторлар ўрнатилади. Мазкур чора жамоат транспорти ҳаракати учун қулай ва хавфсиз шароит яратишга хизмат қилиши айтилмоқда.

Пойтахтда тирбандликларни камайтиришга қаратилган янги транспорт ечими жорий этилмоқда © Toshkent shahar YHTEM

Тошкент шаҳрида автобуслар ҳаракати учун мўлжалланган «А» тоифасидаги алоҳида йўлакларни босқичма-босқич жорий этиш ишлари давом этмоқда.

Хусусан, Magic City ҳудудидаги Фурқат кўчасидан Халқлар дўстлиги саройи яқинидаги Ислом Каримов кўчасигача бўлган йўл қисмида «А» йўлаги учун махсус йўл чизиқлари чизилди. Шунингдек, ушбу йўлакни умумий транспорт оқимидан ажратиб турувчи делиниаторлар — жисмоний ажратувчи элементларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур чора жамоат транспорти ҳаракати учун қулай ва хавфсиз шароит яратишга хизмат қилади. Эндиликда автобуслар учун ажратилган йўлаклар нафақат махсус белгилаш чизиқлари, балки қўшимча ажратувчи элементлар билан ҳам мустаҳкамланади.

Делиниаторлар нима учун керак?

Халқаро тажрибага кўра, АҚШ, Испания, Буюк Британия, Сингапур, Австралия ҳамда Боку каби шаҳарларда автобуслар учун ажратилган алоҳида йўлаклар жамоат транспорти ҳаракат тезлигини ошириш, тиғиз вақтлардаги кечикишларни камайтириш ва қатнов жадвалининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Делиниаторлар эса алоҳида йўлаклар самарадорлигини янада оширади. Улар бошқа транспорт воситаларининг автобус йўлагига кириб кетишининг олдини олади, тартибсиз қайта сафланишларни камайтиради.

30 дан ортиқ кўчада янги «А» йўлаклари ташкил этилади

Маълум қилинишича, 2026 йил давомида Тошкентнинг 30 дан ортиқ кўчасида “А” тоифасидаги алоҳида йўлакларни ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур йўналишларда делиниаторлар ва жамоат транспорти самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа инфратузилма элементлари ҳам босқичма-босқич жорий этилади. Лойиҳанинг асосий мақсади — пойтахтда автобуслар ҳаракатини тезроқ ва барқарорроқ қилишдир.

Теглар

Мавзуга оид