Logo

Тошкентда 5,1 млн долларлик Хитой техникуми ташкил этилиши мумкин

Бугун 12:252 дақиқа

Тошкентда 5,1 млн доллар Хитой инвестицияси ҳисобига халқаро техникум ташкил этиш таклиф қилинди. Унда BYD, Chery ва JAC каби йирик автомобилсозлик компаниялари учун кадрлар тайёрланиши режалаштирилмоқда.

Тошкентда 5,1 млн долларлик Хитой техникуми ташкил этилиши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Тошкент шаҳрида Хитой халқаро техникумини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Лойиҳага кўра, янги таълим муассасаси Бектемир туманидаги Республика телевидение ва радио техникуми негизида Хитойнинг «China Oriental Education Holdings Limited» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Хитой компанияси техникум фаолиятини йўлга қўйиш учун 5,1 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиши режалаштирилган. Маблағлар бир йил давомида биноларни реконструкция қилиш, янги устахоналар қуриш ва замонавий лабораторияларни жиҳозлашга сарфланади.

Автосаноат учун кадрлар

Техникум Хитой стандартлари ва замонавий таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрлайди. Ўқув жараёнига рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва хорижий таълим тажрибасини жорий этиш кўзда тутилган.

BYD, Chery ва JAC каби Хитой автомобилсозлик корхоналари буюртмаси асосида ўрта бўғин кадрлари тайёрланади. Ўқувчилар учун мазкур компаниялар ва соҳадаги бошқа корхоналарда амалиёт ўташ имконияти ҳам яратилиши режалаштирилган.

Маҳаллий педагогларнинг Хитойдаги етакчи таълим муассасалари ва корхоналарида малака ошириши ҳам лойиҳадан ўрин олган. Техникумда хитой ва инглиз тилларини ўқитиш, шунингдек, ишсиз ва банд бўлмаган ёшлар учун қисқа муддатли касб курсларини ташкил этиш белгиланган.

Техникум учун бино ижарага олинади

Техникум Республика телевидение ва радио техникумининг Роҳат кўчасидаги бино ва иншоотларида жойлашади. Ушбу объектлар ёшларни касбга ўқитиш мақсадида 20 йил муддатга бепул фойдаланишга берилади.

Таълим муассасаси нодавлат касбий таълим ташкилоти сифатида, кундузги, кечки ва дуал шаклларда тўлов-контракт асосида ишлайди. Унинг таъсисчилари «China Oriental Education Holdings Limited» ва Касбий таълим агентлиги бўлади.

Битирувчилар Ўзбекистонда тан олинадиган касбий таълим дипломини олади. Шу билан бирга, хорижда ҳам тан олинадиган сертификатларни бериш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 1 сентябрга қадар давом этади.

Теглар

Мавзуга оид